Карантиндаги таътил машмашаси. Адлия вазирлиги фуқаролар саволларига жавоб берди

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабабли давлат ва нодавлат ташкилотлардан ходимларнинг бир қисмини таътилга чиқариш, қолганларини масофадан ишлашга ўтказиш кераклиги айтилди. Аммо орадан 2,5 ҳафта муддат ўтса ҳамки, одамларда таътил бўйича саволлар тугамаяпти.

Бугун, 3 апрель куни Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов брифинг вақтида фуқаролардан келиб тушган саволларга жавоб қайтарди.

Ҳозир давлат ишхонасидан меҳнат таътили берилган. Таътил тугагандан кейин ташкилот раҳбари ўз ҳисобимдан мажбурий таътилга чикариши мумкунми? Мисол мен бир ўзим 2 та ёш болани боқувчисиман. Шунақа бўлса қандай кун кўраман?

“Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилганда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилиши давом этиши муносабати билан ходимнинг меҳнат таътили тугаш куни ишга чиқиш имконияти мавжуд бўлмаса, иш берувчи номига қуйидаги мазмундаги аризани юборади:

•    муддати ва бошланиш санаси кўрсатилган иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил олиш бўйича;

•    масофавий иш усули, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиш бўйича.

Иш берувчи ходимга аризасида кўрсатилган санадан бошлаб тўлиқ муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил беришга мажбур. Ушбу меҳнат таътилига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддаси биринчи қисмида белгиланган максимал муддат бўйича чекловлар карантин даврида татбиқ қилинмайди.

Шунингдек, иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил ходим ва иш берувчининг ўзаро розилиги билан берилади. Ходим рози бўлмаса иш берувчи уни иш ҳақи сақланмаган ҳола таътилган чиқариши мумкин эмас.

Агар иш берувчи масофавий иш режимига ўтказмаса, нима қилиш керак? Агар биз хоҳламасак ўзимизнинг маблағимиздан таътилга чиқишни ёки ишдан бўшашни таклиф қилишмоқда. Шу билан бирга, иш берувчининг айтишича, агар сиз уйдан туриб ишласангиз у ҳам бепул бўлади. Карантин қачон тугаши маълум эмас. Ҳар бир инсоннинг кекса қариндошлари, болалари бор.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сон қарорига кўра, идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чораларини кўриши белгиланган.

Бу ҳолатда Низомда ҳам аниқ белгилаб берилган ташкилотлар асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ва максимал даражада масофадан шу иккита терминга ҳам алоҳида аҳамият қаратиш зарур. 

Ҳар бир корхона ва ташкилотнинг иш хусусияти турлича бўлганлиги сабабли ҳар бир ҳолат меҳнат таътили, ўз ҳисобидан таътил ёки масофавий ишлар иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишув асосида бўлиши лозим.

Шунингдек, масофадан ишласангиз ҳам бепул бўлади деган масала нотўғри. “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомда масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Қолаверса, мазкур ишлаш усулига ўтказилган ходимларнинг меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади.

Отам давлат ташкилотида ишлайди. У ҳар икки кунда бир марта ишга боради. Транспортларнинг ҳаракатланиши чекланганлиги сабабли, иш жойига қандай бориш мумкинлиги ҳақида савол пайдо бўлмоқда. Бошлиғи “Сиз ўз вақтида ишда бўлишингиз керак. Агар ёқмаса, ишдан бўшанг” демоқда. Отам 59 ёшда ва унинг соғлиги жуда ёмон. Унинг иш жойи уйдан 12-13 километргача узоқликда жойлашган. Бу муаммони қандай ҳал қилишимиз мумкин? 

Республика махсус комиссиясининг вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари ҳаракатланини чеклаш бўйича қарорига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг ишчи ходимлари марказлашган тартибда автобус (микроавтобус) орқали Корақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларига киритилиши белгиланган. 

Масофадан ишлаш тўғрисидаги низомга кўра карантин даврида иш берувчи ходимнинг розилиги билан уни масофавий иш усулида ёки уйда ишлашга ўтказиши мумкин.

Бунда ушбу ҳуқуқдан биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар фойдаланади.

Бундан ташқари, Меҳат қонунчиликка кўра, иш берувчи ходимларга меҳнат шартномасида назарда тутилган зарур меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши шартлиги белгиланган.

Мен олий таълим тизимида ўқитувчи лавозимида фаолият юритаман. Ўтган йили аперель ойида фарзанд кўрганим учун, бу ўқув йилидан асосий штатга 0,25 ставкага ишга чиқдим. Карантин туфайли бизга ёзги таътилдаги ҳақ тўланадиган 48 кун мехнат таътилининг 24 кунига ариза ёздиришди. Мени огоҳлантиришсиз ўз ҳисобимдан (ойликсиз) таътилга чиқариб юборишибди. Шу тўғрими? Мени 3 нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим савдогар, тўхтаган. Таътил пулини кутган эдим, уни беришмабди, биз нима қиламиз энди?

Меҳнат қонунчилигига кўра, ходимни иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилган фақат ўз розилиги билан чиқарилади.

Бу ҳолатда сиздан иш ҳақи сақланган ҳола меҳнат таътилига чиқариш ҳақида ариза ёздириб олиб, иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътил берилиши мумкин эмас. Бу қонунга зид.

ФДҲЁ бўлимлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома бермаётгани тўғрими? 

Бугунги кунда ФҲДЁ органлари томонидан фуқароларни қабул қилиш ходимларнинг навбатчилиги асосида ташкил қилинган. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш ва гувоҳномалар бериш тўхталган эмас. 

Туғилиш гувоҳномаси олиш учун ўзингиз доимий яшаб турган ёки бола туғилган жойдаги ФҲДЁ бўлимларига мурожаат қилиб гувоҳнома олишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 221 нафарга етди. Уларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

таътил коронавирус

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг