Карантин вақтида ўқувчилар учун телеканаллар орқали бериладиган дарслар санаси маълум қилинди
Жамият
−
19 Март 2020
11171Аввалроқ, жорий йилнинг 18 март кунидан эътиборан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактаб ўқувчилари учун таътил эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Таъкидланганидек, махсус ташкил этилган Ҳукумат комиссияси ўқувчиларнинг таътил пайтида билим олиши учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканаллар билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Эндиликда таътилда бўлган мактаб ўқувчилари дарс машғулотларини турли телеканалларда кузатса бўлади.
“Таътил вақтида ўқувчиларнинг билим олишлари учун “Оилавий”, “Маърифат ва маданият”, “Дунё бўйлаб” ва “Ёшлар” телеканалларида 30 мартдан бошлаб видеодарслар намойиш этиб борилади”, дейилади Халқ таълими матбуот хизмати тақдим этган маълумотда.
Видеодарсларни намойиш этиб бориш вақтлари тўғрисидаги маълумотлар Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали бериб борилади.
Маълумотларга кўра, дарслар 1-11 синфлар учун ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида 15 дақиқадан олиб борилади. Дарсларнинг мазмуни мавзунинг асосий моҳияти, амалий дарслар ва уй вазифалари бўлади.
2020 йилнинг 18 март ҳолатига кўра, коронавирус пандемиясига чалинганлар сони Ўзбекистонда 18 нафарни ташкил этмоқда.
LiveБарчаси