Карантин шароитидан норозиларга Нурмат Отабеков жавоб берди

Жамият

image
Сервер Жепаров ўғли билан 14 кунни Ўртасаройдаги карантин зонасида ўтказди north_east

Сервер Жепаров ўғли билан 14 кунни Ўртасаройдаги карантин зонасида ўтказди

Хориждан келган ўзбекистонликлар хавфсизлик нуқтаи-назаридан 14 кунлик карантинга олинди. Улар учун барча етарли шароитлар яратилди. Буни ўша ерда бўлиб қайтган кўплаб фуқаролар таъкидламоқда. Аммо бир ҳолат – карантин вақтида одамларнинг бир хонага 4 кишилаб жойлаштирилгани ўртага турли саволларни чиқарди.

Бугун, 14 апрель куни АОКА штабида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирок этган брифингда худди мана шу мавзуга оид савол берилди.

“Нега карантинда 4 нафар одам битта хонада жойлаштирилаяпти? Шулар орасидан биттасида касаллик бўлса, бошқаларга юқиб кўпайиб кетавермайдими? Бу аҳволда карантин муддати янги аниқланган беморлар хисобидан чўзилиб кетади-ку. Изоляция дегани шуми? Нега оммавий тест ўтказиб бўлмайди?”, дейлади саволда.

“Савол берган юртдошимизга ҳам саволим бор эди: ҳозир ўша битта хонага 3-4 та қилиб жойлаштирилган одам Россия Федерацияси ёки бошқа хорижий давлатларда ишлаб юрган пайтда 3 кишилик, 4 кишилик палатада яшаган эканми ёки алоҳида 1 кишилик хоналарда яшаб меҳнат қилган эканми? Ёки 20, 30, 100 кишилашиб битта хонада ётган эканми?

Яхшилаб ўйлаб кўрайлик, шундай имконият қайси юртда бор экан ва қайси давлатда шундай шароит яратилган экан?! Биронта давлатда бундай, ҳатто 3-4 кишини битта хонага жойлаштиришчалик ҳам шароит йўқ.

Улар одамларни стадионларга, концерт залларига, вокзалларга, ошхона ва ресторанларга жойлаштиришга мажбур бўлмоқда”, деди Нурмат Отабеков.

Нурмат Отабеков Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши кураш учун қўллаётган тизимини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тан олиб, энг самарали усул деб эътироф этганини қўшимча қилди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача касаллик юқтирганлар 1113 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 99 нафари даволанган, 4 нафари вафот этган. Мавжуд беморлар сони 1010 кишини ташкил этмоқда.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

267

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг