Сервер Жепаров ўғли билан 14 кунни Ўртасаройдаги карантин зонасида ўтказди
Спорт
−
13 Апрель 2020
6807Ўзбекистонда коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирлари доирасида Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида махсус шифохона қад ростлади. Унда хориждан келган ўзбекистонлик фуқаролар махсус контейнерларда 14 кунлик карантинда бўлишади. Татаристоннинг Қозон шаҳридан ўғли Рауф Жеперов билан Тошкентга қайтган Сервер Жепаров ҳам ману шу жойда карантинда бўлди. Ота-болада вирус аниқланмагач, уларга жавоб берилди.
Футболчи махсус шифохонада ўтган 14 кунлик ҳаётини ва кечинмаларини Instagram’даги ўз саҳифасида ёзиб қолдирди.
“COVID-19. Махсус жиҳозланган контейнерда 14 кунлик карантин.
Ўз халқига кўрсатаётган ғамхўрлиги учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ташаккур. Шахсан менинг фикримга кўра, контейнерлар карантин вақтида зарур бўладиган барча нарсалар билан жиҳозланган.
4 киши яшадик. Икки ўринли ётоқнинг матраслари ва тўшамлари тоза эди.
Телевизор, кондиционер, ҳожатхона, ҳаммом, иссиқ-совуқ сув, телефон, сув қайнатувчи чойнак, қуруқ чой ва пиёлалар. Гигиена воситалари, тиш ювиш пастаси ва чўтка, ниқоблар, қўлқоплар, совун, шампунлар. Челак, тозалаш ишлари учун латта”, деб ёзади футболчи ижтимоий тармоқда.
Сервер Жепаровнинг маълум қилишича, кунига уч маҳал овқат: котлетлар, товуқлар, гуруч, гречка, перловка, макаронлар, палов, сув, салатлар, олмалар, мандаринлар берилган. Бир марта ишлатиладиган идишлардан фойдаланилган. Десертга чой ва ширин пишириқлар тортилган. Нонуштага эса, йогурт, тухум, бўтқа, сарёғ, пишлоқ ва сосиска берилган.
“Ходимларга, биздан тестларни олган шифокорларга, 14 кун давомида биз билан бўлган ҳар бир кишига кундалик муаммоларни ҳал қилгани учун чин дилдан миннатдорчилик билдирмоқчиман, бу ҳақиқатан ҳам қаҳрамонликдир.
Биз буни уддаладик, бу осон бўлмади. Президентимиз ва унинг жамоасига яна бир бор миннатдорчилик билдирамиз. Энди ўғлим ва мен уй карантинидамиз”, деган Сервер Жепаров.
Маълумот ўрнида, асли чирчиқлик бўлган Сервер Жепаров Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси, Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ футболчиси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, коронавирусга чалинганлар 896 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 66 нафари даволанган, 4 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь