“Қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат”. Жепаров МТЖ натижасини танқид қилди

Sport

image

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Сервер Жепаров Фабио Каннаваро бошқараётган жамоага 2026 йилги Жаҳон чемпионатида тажриба етишмаганини ва тўп билан муомала қилишда қатор камчиликлар кузатилганини айтди. Бу ҳақда у “Sports24.kz” нашрига берган интервьюсида сўз очди.

“Бизда бундай йирик мусобақада иштирок этиш тажрибаси етишмади. Бу Ўзбекистон терма жамоасининг илк Жаҳон чемпионати эди. Колумбия ва Португалия биздан анча кучли жамоалар. Конго Демократик Республикаси эса имкониятларимиз доирасидаги рақиб эди. Аммо биз футболни тўп билан ўйнашни ўрганишимиз керак. Футбол бу тўп билан ўйналадиган ўйин. Биз эса ҳар учала учрашувда ҳам деярли тўпсиз ҳаракат қилдик. Бу Ўзбекистон учун қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Биз тўпга эгалик қилишимиз, ўйинни назорат қилишимиз керак. Бу бизнинг кучли жиҳатимиз”, дейди Жепаров.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ футболчиси терма жамоанинг ҳужумни бошлашдаги камчиликларини танқид қилди.

“Ҳимояланиш ҳам ўйиннинг муҳим қисми. Бироқ тўпни қайтариб олгандан кейин қандай ҳаракат қилишимиз ҳам тактик жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Шунчаки тўпни олдинга тепиб юбориш ечим эмас. Учта ўйин статистикаси шуни кўрсатдики, жамоамиз асосан тўпсиз ўйнади. Ҳозирда кучли Европа чемпионатларида ҳаракат қилаётган атиги уч нафар футболчимиз бор ва бу жуда кам. Биз тўғри таҳлил қилишимиз ҳамда келгуси Жаҳон чемпионатларига рақобатбардош тарзда тайёргарлик кўриш учун тўрт йилдан саккиз йилгача мўлжалланган стратегия ишлаб чиқишимиз керак. Энг муҳими, кейинги мундиалларда фақат иштирок этиш эмас, балки муносиб ўйин кўрсатишга эришишимиз лозим”, дейди Жепаров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати “К” гуруҳининг сўнгги турида Конго Демократик Республикасига 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Натижада терма жамоа мундиални 0 очко билан якунлади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends