Канадада номаълум касаллик авж олгани маълум бўлди 

Олам 5604
image
-

Канаданинг Нью-Брунсвик провинциясида неврологик аломатлари бўлган номаълум касаллик авж олгани аниқланди, ҳозиргача бу касалликдан олти киши вафот этган. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берган.  

Касаллик биринчи марта 2015 йилда аниқланган, ўшандан бери провинциянинг 48 нафар фуқаросида аломатлар қайд этилган ва олти киши вафот этган. Шу билан бирга, шифокорлар ташхисни аниқлай олмаган. 

Хусусан, беморларда уйқусизлик, галлюцинациялар, мушакларда оғриқ, ақли заифлик, депрессия, хавотир ва кўриш қобилияти бузилиши қайд этилган. Ўтказилган тестлар беморларда мия атрофияси ва неврологик дисфункцияни аниқлаган. 

Таъкидланишича, беморлар 18 ёшдан 84 ёшгача бўлиб, улар асосан Нью-Брунсвикнинг иккита туманида яшайди. Ҳозирда шифокорлар ташхис устида ишлашни давом эттирмоқда. Невролог Нил Кэшман касалларнинг аҳволини даҳшатли дея таърифлаган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 286
Рейтинг: 3
Теглар
t
×