Камолиддин Раббимовга жарима жазоси тайинлангани айтилди
Жамият
−
18 Апрель 2022
9000Аввалроқ, сиёсатшунос ва таҳлилчи Камолиддин Раббимов 15 суткага қамалгани, у халқ тилида “Панельный” деб аталувчи ҳибсхонага олиб борилгани ҳақида хабар берган эдик.
Сўнгги маълумотларга кўра, Камолиддин Раббимов иши бўйича ўтказилган суд мажлисида унга нисбатан жарима жазоси тайинланиши белгиланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Telegram’даги расмий саҳифасида маълумот берилди.
Эслатиб ўтамиз, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов 17 апрель куни соат 15:00 атрофида Тошкентдаги уйидан чиқиб кетганча қайтиб келмаган. 18 апрель куни соат 19:00 атрофида жамоатчилик орасида унинг дом-дараксиз кетгани шов-шувларга сабаб бўлди.
Кўп ўтмай, Раббимов журналист Илёс Сафаров билан боғланиб, “Панельный”га олиб келингани ва 15 суткага қамалаётганини айтган.
Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ҳолат бўйича расмий баёнот берди. У шундай деб ёзади:
“Жорий йилнинг 17 апрель куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани “Чақар” маҳалласида ўтказилаётган санитария-профилактик тадбирлар жараёнида, фуқаро К.Р. хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашиб, уларнинг ишига тўсқинлик яратиб, қонуний талабларини бажармаган.
Ҳолат юзасидан фуқаро К.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183, 194 ва 195-моддалари билан материаллар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун Шайхонтоҳур тумани судига юборилган”.
Ҳозирча Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек, Олий суд Матбуот хизмати Камолиддин Раббимовга тайинланган жазоси чораси бўйича расмий баёнот берганича йўқ.
LiveБарчаси