“Камералар, радарлар ва жарималар мамлакати”. Сиёсатшунос Ўзбекистондаги йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини танқид қилди

Жамият

image

Ўзбекистондаги тизим одамларни йўл қоидаларига риоя қилишга эмас, уни бузиш ва жарима тўлатишга ундайди. Бу фикрларни сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Facebook'даги саҳифасида билдирди. 

Раббимовга кўра, Ўзбекистоннинг йўл ҳаракати хавфсизлик тизими – дунёдаги энг адолатсиз тизим. 

“Ўзбекистоннинг йўл ҳаракати хавфсизлик тизими – дунёдаги энг адолатсиз тизим бўлса керак. Мен Францияда 13 йил давомида, муттасил машина ҳайдаб, икки марта жарима тўлаганман. Чунки машинани тез ҳайдамайман. Бир текис ҳайдайман. Қоида бузувчиларни ёқтирмайман. Бугуннинг ўзида иккита “штраф” келибди. “Штраф” 30 июнь санасида имзоланган. Лекин қоидани январь ва февраль ойларида бузган эмишман. Йўл тезлиги 70 км соат ўрнатилган жойда, +5 км олиб ташланганда, 71 км тезликда ўтибман. Бу қадар давлатга ва унинг тизимига норозилик шакллантирувчи, эҳтиросларни қайнатувчи ноҳақликларни кимлар ўйлаб топаркин?!”, дейди сиёсатшунос.

Камолиддин Раббимовнинг сўзларига кўра, у ҳайдовчилик гувоҳномасини Францияда олган. Олиш учун икки йил ўқиган. 

“Ўзбекистонда тизим шунақаки, одамларни қоидага риоя қилишга ундамайди, аксинча бузишга ва жарима тўлатишга ундайди. Мисол учун, кўприкларни устида узун-ёпиқ чизиқ қўйилган. Бу чизиқни босиш – қоида бузилиши. Лекин шу кўприклар ва ерости тонелларида ён тарафдан йўл қўшилиб, мошиналар бирлашиши назарда тутилган. Лекин ўша ерларда ҳам чизиқлар ёпиқ. Бир сўз билан айтганда, бугун жуда кайфиятим ёмон. Яна қайтариб айтаман, бунақа нотўғри тизимни кўрмаганман!”, дея ёзиб қолдирди у.

Бир неча кун аввал эса сиёсатчи Ўзбекистон йўл ҳаракати билан боғлиқ жарималар жамоатчилик кайфиятига ўта салбий таъсир қилаётган муаммолардан бири экани ҳақида ёзган эди. 

“Икки кун олдин бу муаммо ҳақида иккита пост қўйгандим, жами икки мингдан ортиқ одам лайк босиб, Ички ишлар вазирлигига ўзининг эътирозини билдирибди. Юзлаб шарҳларда, бу тизим нақадар адолатсиз, шавқатсиз, эмпатияни эмас нафратни қўзғатувчи эканлигини ёзишибди. Юз мартага яқинларига улашибди. Сиёсатшуносликда, социологияда “Нима учун баъзи давлатлар ўта барқарор, бошқалари ўта беқарор?” деган муҳим савол бор. Жавоб шуки, баъзи давлатларда, ҳокимиятлар жамиятга, оддий одамларга нисбатан ўта эмпатияси, ачиниш ҳисси кучли. Бошқаларида, одамларни эзиш орқали, ўз муассасалари ва давлат бюджети учун пул йиғади. Яъни, давлатни – одамларни эзиш аппарати сифатида кўришади. Нима учун давлат мутасаддилари буни сезмайди? Чунки, жарималар давлат рақамидаги машиналарга юборилмайди. Шунинг учун, жамиятда икки қутбли ижтимоий кайфият шаклланган”, дея таъкидлаган Раббимов.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонга келган ва машинада сайр қилган хорижликлар, давлатни ҳеч иккиланмай “камералар, радарлар ва жарималар мамлакати” деб атаса керак. 

“Ўзбекистонга келган ва мошинада сайр қилган хорижликлар, давлатимизни ҳеч иккиланмай “камералар, радарлар ва жарималар мамлакати” деб атаса керак. Чунки, ташқи дунё билан фарқ – бир неча ўн мароталаб катта! Бу фарқни энг сабрли ва вазмин одам ҳам илғамай иложи йўқ. Бошқача қилиб айтганда, ИИВнинг жарималар сиёсати – халқ билан тирашиш ва ижтимоий норозиликларни ўстириш асосига қурилган! Бошқа хулоса йўқ! Фақат, ИИВ кутган натижа, кунда эмас, кунида бўлади”, дейди Камолиддин Раббимов.


Мақола муаллифи

Теглар

Камолиддин Раббимов

Баҳолаганлар

1035

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made