“Кальмар ўйини”. Дунёни “титратаётган” сериал ортида қандай ғоя яширинган?

Таҳлил

image

Тайёрмисиз? Инсоният ривожланиш эволюциясида жамият тушунчаларини идеал тарзда очиб бера олган, кўплаб киноманларнинг ақлини шоширган сериал "Кальмар ўйни" ҳақида гаплашамиз. 

“Кальмар ўйини” (Squid game) 90 фоиз киноманлар эътиборини тортган ва давомини кутишга мажбур қилган сериал. Хўш, ушбу сериалнинг афзалликлари нимада? Нега у атиги 25 кун давомида энг машҳур, энг кўп кўрилган сериаллар рейтингида биринчиликни қўлга киритди?

“Кальмар ўйини” сериали Жанубий кореялик кинорежиссёр Хван Дон Хёк томонидан ишланган бўлиб, унинг премьераси жорий йилнинг 17 сентябрь куни Netflix платформасида бўлиб ўтди. Бор-йўғи 25 кун давомида эса 111 миллиондан ортиқ томоша қилинди ва дунёнинг 94 давлатида топ-10 таликда биринчи ўринни қўлга киритди.

Сериал мазмуни

Бўйнигача қарзга ботган ва ҳаётдаги қийинчиликлардан зада бўлган инсонлар бир майдонда йиғилишади. Уларга олтита болалар ўйинини ўйнаш ва катта миқдорда пул ютиб олиш таклифи берилади. Бериладиган пул миқдори ҳам юқори, мувафаққиятсизларни эса ўлиши муқаррар. 

Мувафаққиятли режиссёр ва шоумен Хван Донг Хюк томонидан олинган сериални томоша қилиш учун сабаблар кўп.

Ўйин ичидаги ўйин

Ушбу сериалга ўхшаш сюжетни “Кайдзи” анимесида кўриш мумкин. У ерда ҳам бош қаҳрамон ўлим ўйинлари орқали қарзларини тўлашга ҳаракат қилади. Бироқ, айтиш мумкинки, Хван воқеалар ривожи бўйича анча олдинлаб кетган ва на яхши, на ёмон бўлган шунчаки ҳаётда ўз ўрнига эга бўлмаган инсонлар тақдирини ёритиб берган. 

456 киши ўз жонлари эвазига ўлим ўйинларини ихтиёрий равишда ўйнашади. Улар ўз қарзларини тўлаш, шунингдек яқинлари тақдири учун шунга рози бўлишган. Иштирокчиларга ўйин ҳалол тарзда ўйналиши бир неча маротаба уқтирилади ва демократик тарзда ўйналишини айтиб, ўз шартлари туширилган қоғозга имзо чекишларини иштирокчилардан сўралади. Бироқ, шунда ҳам ўйин шартларини қабул қилиш, ҳужжатга имзо чекишга мажбурланмайди.

Ҳаттоки, агар кўпчилик ўйинни ўйнашга қарши бўлса, у тугатилиши ҳам мумкин бўлади. Худди шундай ҳолат биринчи ўйиндан кейин содир бўлади. Бироқ ўйин иштирокчилари қарзлари, муаммолари тўла ҳаётларига қайтиб, афсусланишади ва ўйинни қайта давом эттиришга қарор қилишади. Уларда ҳақиқий ҳаётда ҳеч нарсага эриша олмасликлари, ўйинда эса ҳеч бўлмаганда, ғалаба қозониш ва пул ишлашга имконияти бор деган фикр пайдо бўлади. 

“Қотиб қолган” жамият 

Дастлаб ўйинчилар бир-бирига нисбатан ҳушмуомала бўлишади. Айтиш мумкинки, таҳдидларга қарши чиқиш, шунингдек биргаликда ғалаба қозониш ниятида бўлишади. Аммо асосий нарса шундаки, умумий фонд иштирокчилар вафотидан кейин шаклланади. Яъни қанча кўп одам ўлса, шунча кўп пул биллур шарга йиғилади. Ҳар бир ўлган иштирокчига эса 100 миллион вон берилади.

Шар эса ҳар доим умумий хона шифтида осилиб туради ва ичидаги пуллар иштирокчиларни ўзига жалб қилади. Вақт ўтгани сари иштирокчилар кучлироқ жамоани йиғишга ҳаракат қилиб, гуруҳларга бўлинишни бошлайди. Кимдир четда қолиб кетади, кимдир эса ғалаба қозониш ниятида кучли жамоаларга ўтиб кетади. 

“Кальмар ўйини” – ғайриинсоний ҳикоя бўлиб, режиссёр сериалда инсониятнинг нозик жиҳатлари, айниқса, ёмон томонларини катта эътибор қаратади. 

Ўйининг хавфли ва қизиқарли жиҳатлари

Асосий хавф шундаки, ўйин иштирокчилари кейинги сафар кимларни ўлим кутаётгани-ю, қандай ўйин ўйналишидан бехабар. Шу сабаб иштирокчиларда қўрқув жуда кучли.

Қизиқарли визуал ечим ва ўзига хос услуб

Костюм ва ниқоблар. Маскалар, ҳудди PlayStation логотипида бўлгани каби думалоқ, учбурчак ва тўртбурчак шаклда. Шунингдек, ўйин полигони болалар майдончаси усулида қурилган, буни ҳаттоки Корея шаҳрининг миниатюра кўриниши, деса ҳам бўлади. 

Сериал жуда замонавий ва чиройли суратга олинган, ёрқин рангларда намойиш этилган бўлса-да, сиз унинг қонли саҳналарига тайёр бўлишингиз керак. Деярли барча саҳналар қонли, ваҳшийлик, зўравонлик очиқчасига намойиш этилган.

Ҳақиқий одамларнинг кичик ҳикоялари

Ўйинни ўз ихтиёри билан ўйнашга тайёр бўлган ҳар бир киши ўз тарихига эга бўлган алоҳида шахс. Албатта, муаллиф уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталмайди, фақат бир нечта персонажлар ҳақида маълумот беради.

Кимдир келажагини яхшилаш учун, кимдир онасини уйини гаровга қўйгани учун ва яна кимдир шавқатсиз ҳаёт қурбонига айлангани, ҳаёт синовларидан чарчаб, моддий танқисликдан тўйгани учун ҳам ушбу ўйинга рози бўлади.

Айтиш жоизки, сериалда демократия ҳақида бонг ураётган бошловчилар ўйиннинг асосчиси бўлган бой инсонлардир. Улар ҳаётда барча хоҳлаганига эришиб келган. Энди эса кўнгилхушлик қилишлари учун ҳеч нарса қолмади. Шу сабаб ҳам “демократия” тарафида бўлган бойлар шунчаки зерикмаслик учун “Кальмар ўйини”ни ўйлаб топишди. Энди эса қарзга ботган, ҳаётда яхши яшаш, кўп пул топиш учун барча нарсага тайёр бўлган инсонларнинг тақдири уларнинг қўлида.

Сериал инсониятнинг энг разил жиҳатларини кўрсатгани, жамият дардини очиб бергани учунми, қисқа вақт ичида дунё рейтингларида биринчиликка чиқиб олди. Чунки жамият ҳали-ҳамон бутун дунёда табақаланиш борлиги, дунёни қўлида пул ўйнайдиганлар бошқаришини жуда яхши тушунади.


Мақола муаллифи

Теглар

сериал

Баҳолаганлар

1777

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг