Қувурни ёрган қурилиш. Масъуллар нега қочяпти?
Жамият
−
04 июл 1188 2 дақиқа
Кеча, 3 июль куни ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги Яккасарой тумани Дилбулоқ маҳалласи ҳудудида қурилаётган кўп қаватли тураржой биносининг қурилиш ишларида эҳтиётсизлик оқибатида шаҳарнинг асосий канализация қувурларидан бирини ёриб юборилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ мухбири воқеа жойига чиқиб ҳолатни ўрганди.
Ўрганиш давомида мазкур қурилиш объекти “Better Best” номли қурилиш лойиҳаси эканлиги, ушбу тураржой биноси 2200 та хонадонга мўлжалланганлиги аниқланди. Бироқ қурилиш ишларини амалга оширган компанияга алоқадор бирор масъул шахсни топишнинг имкони бўлмади.
Канализация қувури ёрилгач, Яккасарой туман Сувоқова ташкилоти ходимлари кенгайтирилган ишчи гуруҳ билан авария оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бораётганига гувоҳ бўлдик.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ қурилиш ишлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида амалга оширилиши шарт. Амалдаги санитария ва шаҳарсозлик нормаларига кўра, диаметри 1000 миллиметрдан катта бўлган магистраль сув қувурлари атрофида ҳар икки томондан камида 20 метргача муҳофаза ҳудуди белгиланади.
Бу ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш қатъий талаблар асосида ва тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолдагина мумкин.
Журналистик суриштирув давомида ушбу магистраль қувурнинг диаметри 1700 миллиметр экани маълум бўлди. Бироқ кузатувларимизга кўра, қурилиш ишлари қувурнинг деярли биқинида — тахминан 1,5–2 метр масофада олиб борилган.
Яккасарой туман оқова сув тармоқлари бўлими бошлиғи Нуриддин Сайифхўжаевнинг айтишича, мазкур қурилиш ишлари уларнинг ташкилотидан тегишли техник шартлар ва рухсатномалар олинмасдан бошланган.
Мазкур нохуш ҳодисанинг ўзи қурилиш жараёнларида бир қанча қонун бузилиш ҳолатлари бўлганидан дарак беради.
Масъул ташкилотлар ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берадими, қурилиш ишлари қай тарзда ва кимнинг рухсати билан амалга оширилгани очиқланадими — бу ҳозирча очиқ қолмоқда.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.