Қўшработдаги фожиа ортидан туман газ таъминоти мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
22 Октябрь
9698
Аввалроқ, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги уйлардан бирида газ портлаши оқибатида бир оиланинг 4 нафар аъзоси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан туман газ таъминоти бўлими мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Қайд этилишича, Қўшработ туманида содир бўлган ҳолат юзасидан туман газ таъминоти бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207- (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 259- (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Марҳумларнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдирамиз”, деб ёзади Ҳаёт Шамсутдинов.
Маълумот учун, ҳодиса бугун, 22 октябрь куни соат тахминан 05:52 ларда Қўшработ тумани “Мустақиллик” МФЙ Ғафур Ғулом кўчаси 7-уй 6-хонадонда рўй берган. Ушбу хонадонда яшаган фуқаролар – 1972 йилда туғилган Р.С., 1969 йилда туғилган М.И., 2002 йилда туғилган Ф.Х. ва вояга етмаган 2007 йилда туғилган Д.Х.лар табиий газдан заҳарланиш ва уйда келиб чиққан ёнғин оқибатида куйиш тан жароҳатлари билан вафот этган.
Туман прокуратураси томонидан вафот этган шахсларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада бир эркак ва унинг икки фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этганди. Фожиага марҳумлар истиқомат қилган хонадонда ностандарт қўлбола иситиш печидан фойдаланилгани сабаб бўлгани айтилганди.