Қўшни давлатлардан кирган 16,4 кг наркотик моддалар мусодара қилинди
3-саҳифа
−
25 Декабрь
1299Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан жойларда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 16,4 кг наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Nexia русумли автомашина тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Пахтачи туманида яшовчи 1981 йилда туғилган Э.М.га тегишли 7 кг 230 гр “гашиш” ва 1 кг 289 гр “метамфетамин” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Терговга қадар текширув давомида улар афғонистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилгани маълум бўлган.
Ургут туманида кузатилган ҳолатда эса муқаддам судланган фуқаролар – 1986 йилда туғилган Ф.Х. ва 1999 йилда туғилган. Ш.А. лар Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган 921 гр “опий” моддасини харидорга 12 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Наманган шаҳрида яшовчи 1995 йилда туғилган Ш.Ю. ва А.Ю. ҳамда 1994 йилда туғилган Ш.Қ.лар муқаддам тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан Чуст туманидаги дала майдонига яшириб кетилган 3 кг. 50 гр “гашиш” моддасини олган вақтда ушланган.
Бошқа ҳолатда эса “Наманган-Андижон” йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti русумли автомашина Норин тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилганда унда йўловчи сифатида кетаётган Асака туманида яшовчи 1989 йилда туғилган муқаддам судланган Ф.Х.га тегишли 1 кг 911 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Терговга қадар текширув давомида ушбу ажал оғуси муқаддам Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали Наманган вилоятининг Учқўрғон туманига олиб келингани маълум бўлган.
Сурхондарё вилоятида қайд этилган ҳолатда Денов туманида яшовчи 1990 йилда туғилган муқаддам судланган Б.Б. Тожикистон Республикасидан олиб келинган 2 кг 16 гр “опий” моддасини 10 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонун хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда нарколаборатория ташкил қилган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари узоқ муддатга қамалган эди.