Андижонда нарколаборатория ташкил қилганлар жазоланди
3-саҳифа
−
15:38
832Андижонда нарколаборатория ташкил қилган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари узоқ муддатга қамалди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида яшовчи муқаддам судланган фуқаро И.И. Telegram мессенжерида гиёҳвандлик воситалари сотиш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ аъзоси томонидан газ печи ичига яширилиб, Россия Федерациясидан юборилган 321 грамм “5F-APINACA” номли синтетик наркотик моддани қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, кейинроқ И.И. томонидан хуфия жойга қолдириб кетилган ушбу ажал оғусини олиш учун келган вақтида Андижон вилоятининг Марҳамат туманида истиқомат қилувчи Ж.С. ҳам ушланган.
Билдирилишича, терговга қадар текширув давомида уюшган жиноий гуруҳ аъзоси топшириғига кўра, Ж.С. Андижон шаҳридаги хонадонлардан бирини ижарага олиб, у ерда нарколаборатория ташкил қилгани маълум бўлган. Бундан ташқари, Ж.С. томонидан Марҳамат тумани ҳудудидаги хуфия жойга яшириб қўйилган 4 килограмм 372 грамм “a-PVP” синтетик наркотик моддаси ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди томонидан мазкур шахслар Жиноят кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, И.И. 13 йил 6 ой ва Ж.С. 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Миробод туманида синтетик гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинган эди.