Тошкентдаги нарколабораториядан 1 млн долларлик синтетик гиёҳвандлик моддалари топилди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида синтетик гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Миробод туманида жиноят қидирув бошқармаси – тезкор қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида ушланган шахс бир нечта манзилда жойлашган гиёҳвандлик моддалар лабораториясидан фойдаланиб, синтетик гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келгани маълум бўлган. Ана шундай манзиллардан бири Яшнобод туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида аниқланган.

Шунингдек, фуқаронинг Тошкент вилоятида жойлашган хонадони кўздан кечирилганида синтетик гиёҳвандлик воситалари, турли хил контейнерлар, қўлқоплар, тарози, газга қарши ниқоблар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Шу куни биринчи лабораториядан 4,8 килограмм, иккинчи хонадондан қарийб 10 килограмм, жами 14 килограмм 795 грамм умумий нархи тахминан 1 миллион долларга тенг синтетик гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Ашёвий далиллар Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМ томонидан экспертизадан ўтказилган. Марказ хулосасига кўра, олинган моддаларнинг барчаси синтетик гиёҳвандлик моддалар экани ўз тасдиғини топган.

Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси танланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги 2 хонадонда нарколаборатория ташкил қилган шахслар аниқланганди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги “Дўстлик” чегара божхона пости орқали пиёда равишда кириб келган йўловчилардан бирининг қўл сумкаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда унинг ичида гўёки кир ювиш кукуни борлиги айтилган, аслида эса жами 33 кг оғирликдаги 11 дона қадоқда “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддасига ўхшаш модда яшириб қўйилгани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент шаҳри нарколаборатория

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг