Бухорода нарколаборатория ташкил қилганлар 10,8 кг “спайс” билан ушланди
3-саҳифа
−
08:13 533 2 дақиқа
Бухоро шаҳрида икки фуқаро кўп қаватли уйдаги хонадонда нарколаборатория ташкил қилиб, синтетик гиёҳвандлик моддаси тайёрлаш ва сотиш билан шуғуллангани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро шаҳрида фаолият юритган нарколаборатория фош этилган.
Аниқланишича, интернет наркодўконда “омборчи” ва “кимёгар” бўлиб ишловчи, Жондор туманилик 27 ва 29 ёшли 2 нафар фуқаро вилоят марказидаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонда нарколаборатория ташкил қилиб, синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш ҳамда сотиш билан шуғулланишган.
Холислар иштирокида кўздан кечириш жараёнида ушбу манзилдан умумий оғирлиги 6 кг 650 гр бўлган “спайс” синтетик наркотик моддаси, СИМ-карталар, респираторлар, қўлқоплар, зип пакетлар, электрон тарози ва кўп миқдордаги тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, улар томонидан Когон туманидаги хуфиёна жойларга кичик бўлакларда яшириб қўйилган жами 4 кг 200 гр “спайс” моддаси ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Билдирилишича, ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) ва 276-1-моддаси ( Ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чирчиқ шаҳрида ижарага олинган хонадонда гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган 4 нафар шахс ушланган эди.
Live
Барчаси21 Октябрь
21 Октябрь
Саида Мирзиёева Ашхободга борди
21 Октябрь