Қуръонни ёқиб юборган исломофоб Швециядан депорт қилинади
Олам
−
29 Март
10380Швецияда Қуръонни бир неча бор ёқиб юборган ироқлик Салван Момика мамлакатдаги этник гуруҳларга қарши гижгижлаш айби билан тергов қилинмоқда ва у Швециядан депорт қилинади. Бу ҳақда исломофобнинг ўзи 27 март, чоршанба куни маҳаллий "Expressen" газетасига қилган мурожаатида маълум қилди.
Момиканинг Қуръонни провокацион тарзда ёқиб юбориши акс этган видеолар бутун дунё бўйлаб оммалашиб кетган. Бир қанча мусулмон мамлакатларида ғазаб ва танқидларга сабаб бўлган. Оқибатда кўп жойларда тартибсизликлар ва намойишлар бошланиб кетган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг октябрь ойида Швеция миграция идоралари Момиканинг яшаш учун рухсатномасини бекор қилиб, уни Ироққа депортация қилмоқчи бўлган эди. Шунга қарамай, ватанида унинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, Момиканинг депортацияси кечиктирилди. Швеция провокаторга мамлакатни тарк этиши ва бошқа бу ерга қайтмаслиги учун вақт берган.
Стокгольм расмийларининг депортация қилиш ҳақидаги буйруғи ортидан 37 ёшли Момика қўшни Норвегиядан бошпана сўрашини маълум қилди ва энди Швецияни терроризмни қўллаб-қувватлашда айблади.
"Швеция фақат бечора террорчиларни қабул қилади, файласуфлар ва мутафаккирлар эса чиқариб юборилади. Мен мени кутиб оладиган ва ҳурмат қиладиган мамлакатга кўчиб ўтаман. Швеция эса менинг қадримга етмади", дея шама қилган у.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 28 июнь куни Швеция пойтахти Стокгольм марказидаги Медборъярплатсен майдонида муқаддас Қуръони Каримнинг Салван Момика томонидан ёқиб юборилиши ортидан АҚШ, Европа Иттифоқи, Рим папаси, Шавкат Мирзиёев ва яна қатор расмийлар бу ҳолатни кескин қоралаб чиққан эди. Ироқ ҳукумати Швеция ҳукуматидан Қуръонни оммавий равишда ёқиб юборган ироқлик муҳожирни экстрадиция қилишни талаб қилди.