Қуръони Каримни таҳқирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ – ЎМИ

Жамият 13362
image

Ижтимоий тармоқ саҳифаларида Ислом динининг илоҳий манбаси ва энг муқаддас китоби – Қуръони Каримга нисбатан ҳурматсизлик акс этган видеолавҳа тарқалди ҳамда кескин баҳс-мунозара ва норозиликларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий муносабат билдирди.

“Маълумки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни инсониятга ҳидоят ва эзгулик манбаи ўлароқ нозил қилган. Шу нуқтаи назардан, қолаверса, қонунчиликка кўра, инсон ким бўлишидан қатъий назар муайян дин вакилининг диний туйғулари, қадриятлари ҳурмат қилиниши шарт, уларнинг таҳқирланишига йўл қўйилмайди.

Ота-боболаримиз қадим-қадимдан Қуръони каримни кўксиларидан пастда тутмаганлар, жойнамозларини ҳам доимо баланд жойга қўйганлар. Масжид атрофидан оҳисталик билан ўтганлар. Азон айтилаётганда беҳуда сўз айтмаганлар. Ана шу жиҳатлардан келиб чиққанда, тарқалган видеолавҳадаги ҳолат юртимиз мўмин-мусулмонларининг кескин норозилигига сабаб бўлди”, дейилади идора баёнотида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони Каримни оёқ ости қилиш ҳолатини қаттиқ қоралашини ҳамда бу ноинсоний ҳаракат ҳеч қайси диний таълимотга ҳам, ақлга ҳам, умуман олганда, инсонийлик тамойилига ҳам тўғри келмаслигини билдирган.

“Кези келганда, мўмин-мусулмон юртдошларимизга бундай манфур хатти-ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки ақлни ишлатиб муносабат билдириш лозим эканини таъкидлаймиз. Чунки, қонун ҳужжатларига мувофиқ миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар жавобгарликка асос бўлади. Шундай экан, бу фуқаронинг қилмиши ҳам, албатта, қонуний асосда кўриб чиқилади.

Ўз навбатида, Қуръони каримни таҳқирлаган мазкур фуқаронинг шахсини аниқлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳамда конституция ва қонун ҳужжатларига зид равишда диний адоват чиқаришга йўналтирилган хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўрилишини таъкидлаймиз”, дейилад Мусулмонлар идораси муносабатида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 489
Рейтинг: 3
t
×