Қундузлар ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик ва сув тошқинларига қарши курашмоқда
Олам
−
16:02 921 1 дақиқа
Европада бир вақтлар деярли йўқ бўлиб кетиш арафасида турган қундузлар яна кўпайиб, табиий экотизимларни тиклашда муҳим роль ўйнамоқда. Бу ҳақда DW хабар берди.
Маълум қилинишича, ХХ аср бошларида қундузлар мўйнаси, гўшти ва ҳид безлари учун оммавий равишда овланган. Оқибатда 1900 йилга келиб Европада ёввойи Евроосиё қундузларининг сони қарийб 1,5 мингтагача камайган. Бироқ қитъа бўйлаб олиб борилган узоқ муддатли муҳофаза ва қайта тиклаш ишлари натижасида бугунги кунда Европада қундузлар сони 1,5 миллионтагача етган.
Қайд этилишича, қундузлар табиатда ўзига хос “муҳандис” вазифасини бажаради. Улар қурган тўғонлар сув оқимини секинлаштириб, сув ифлослантирувчи моддаларни фильтрлашга, сув тошқинлари ва қурғоқчилик оқибатларини камайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, қундузлар фаолияти ерости сув захираларини тўлдиришга хизмат қилиб, ботқоқликлар ва дарё экотизимларининг тикланишига ҳисса қўшмоқда.
Айни пайтда қундузлар Испаниядан Россиягача бўлган ҳудудларда яна кенг тарқалиб, табиий сув ҳавзалари ва ботқоқликларнинг қайта тикланишига таъсир кўрсатмоқда. Мутахассислар қундузларнинг табиатда кўпайиши нафақат уларнинг ўз популяциясини сақлаб қолиш, балки инсонларни иқлим ўзгариши оқибатларидан ҳимоя қилиш учун ҳам муҳим эканини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европанинг бир қатор давлатларида янги кучли жазирама тўлқини кузатилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси