Олимлар хавотирда: Ерда сув айланиш тизими издан чиқди
Бу қизиқ
−
09:47 822 5 дақиқа
Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) томонидан ўтказилган дунёдаги чучук сув захираларининг йиллик таҳлилига кўра, Ер юзида сув айланиши қазилма ёқилғилар билан ифлосланиш сабабли бузилмоқда. Бу эса кўплаб хавфли оқибатларни, жумладан, дарё ўзанларининг қисқариши, музликларнинг йўқ бўлиб кетиши ҳамда сув тошқинлари ва қурғоқчиликлар ўртасидаги кескин тебранишларни келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Табиатдаги сув айланиши – бу сувнинг Ер бўйлаб ҳаракатланишини таъминлайдиган мураккаб тизимдир. Сув ер юзасидан, шу жумладан кўллар ва дарёлардан буғланади ҳамда атмосферага кўтарилиб, ёмғир ёки қор шаклида қайтиб Ер юзига тушишдан олдин катта масофаларни босиб ўта оладиган улкан сув буғи оқимларини ҳосил қилади.
Бутунжаҳон метеорология ташкилотининг (ЖМТ) 1 октябрь куни эълон қилинган ва кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йиллардан бири бўлган 2025 йилни қамраб олган глобал сув ресурслари ҳолати тўғрисидаги ҳисоботида бу циклик жараён “пала-партиш ва тартибсизроқ” бўлиб бораётгани айтилади.
Сунъий йўлдош маълумотларига асосланган ҳисоботга кўра, Ернинг дарёлари, кўллари, сув қатламлари, муз, қор ва тупроғида сақланадиган чучук сувнинг умумий ҳажми камаймоқда. 2025 йилда дунё ҳудудининг 42 фоизида сув захиралари даражаси тарихий меъёрдан паст бўлган.
“Вазият равшан: қуруқликдаги сув захиралари глобал миқёсда тахминан 2016 йилдан бери камайиб бормоқда”, дейди ЖМТнинг Гидрология ва криосфера бўйича директори Уэйн Женкинсон.
Ўтган йил дунё дарёлари учун охирги 35 йилдаги энг қурғоқчил йиллардан бири бўлган ва Шимолий Американинг катта қисми, Жанубий Американинг баъзи ҳудудлари, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ҳамда Марказий Осиё каби минтақаларга таъсир кўрсатган.
Дарёлар ҳаёт учун муҳим бўлган савдо артериялари, аҳоли, қишлоқ хўжалиги ва саноат учун сув манбалари, электр энергияси ишлаб чиқарувчилар, жангoвар ва ёввойи ҳайвонларнинг яшаш жойлари ҳамда сайёҳлик масканлари ҳисобланади.
Сайёрада аллақачон етти йилдан бери дарё оқимининг аномал юқори даражаси кузатилмоқда. Ҳисоботга кўра, гарчи баъзи дарёларда 2025 йилда сув сатҳи ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган бўлса-да, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Австралиянинг айрим ҳудудларида дарёларнинг катта қисмида сув сатҳи ўртачадан паст бўлган.
Ана шундай ҳолат дунёдаги ер ости сувлари захираларида ҳам кузатилмоқда. Музлаган минтақаларда ҳам хавотирли ўзгаришлар кузатилган. 2025 йилда кетма-кет тўртинчи йил барча минтақаларда музликларнинг миқёсли қисқариши юз берган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда музликлар шунчалик кўп сув йўқотганки, у билан тахминан 560 миллион олимпия ўлчамидаги бассейнини тўлдириш мумкин эди.
Музликларнинг эриши сув тошқинлари ва денгиз сатҳининг кўтарилиши каби хавфларни, шунингдек, унга қарам бўлган икки миллиард аҳоли учун сув танқислиги хавфини келтириб чиқаради.
Музликлар, қор ва муз сувнинг дарё ва кўллар каби тезроқ қисмларига қараганда секинроқ ҳаракатланадиган қисмини ташкил қилади, у ерда сув узоқроқ вақт давомида тўпланади ва камаяди.
“Анъанавий равишда, бу секин тўпланадиган захиралар сайёранинг жамғарма ҳисобрақами каби ҳаракат қилган: битта қурғоқчилик ёки битта қуруқ мавсум бевосита сув инқирозига олиб келмаслиги учун ноқулай йилларни юмшатувчи буфер вазифасини ўтаган. Биз бу жамғарма ҳисобрақамини тугатяпмиз”, дейди ЖМТ Бош котиби Селесте Сауло.
Сув айланиши ўзгариши билан об-ҳаво янада экстремал бўлиб бормоқда. Ҳисоботга кўра, охирги беш йил рекорд сув тошқинлари ва қурғоқчиликлар билан қайд этилган ва баъзи жойларда бир экстремал воқеадан кейингисигача тикланиш учун деярли вақт қолмаган.
Ҳодисалар сони ва инсон талафотлари бўйича энг кўп Осиё ва Африка жабр кўрган. Нигерия ва Конго Демократик Республикаси каби мамлакатларда йирик сув тошқинлари юз берган, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг баъзи ҳудудлари эса ўтган йили тропик циклонлар ва шиддатли муссон ёмғирларидан зарар кўрган.
АҚШда 2025 йилнинг июль ойида Техаснинг Ҳилл-Кантри ҳудудидаги ҳалокатли сув тошқини 130 дан ортиқ одамнинг ёстиғини қуритган, Кариб ҳавзасида эса “Мелисса” тўфони ороллар, жумладан, Ямайка ва Гаити бўйлаб вайронкорлик келтириб чиқариб, 90 дан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлган.
Спектрнинг карама-қарши томонида эса Шарқий Европа, Ўрта ер денгизи ва Яқин Шарқнинг кучли қурғоқчиликдан жабр кўрган қисмлари бўлган.
Бу йил экстремал ҳодисалар янада кучайиши мумкин, деб огоҳлантирилади ҳисоботда.
“Эль-Ниньо ҳодисасининг кучайиши баъзи ҳудудларда қурғоқчилик ва бошқа жойларда сув тошқинлари хавфини оширади”, дейди Сауло.
Ҳисоботда 60 дан ортиқ мамлакатнинг сув ресурслари бўйича маълумотларидан фойдаланилган, бироқ муаллифлар экстремал ҳодисалар энг кучли бўлган минтақаларда, жумладан, Осиё ва Африкада ҳали ҳам жиддий маълумотлар танқислиги мавжудлигини таъкидламоқда.
“Бу бўшлиқларни бартараф этиш жуда муҳим, чунки биз ўзимиз ўлчамайдиган нарсани бошқара олмаймиз”, дейди Женкинсон.
Ҳисоботни тайёрлашда иштирок этмаган Австралиянинг Кертин университети ерости сувлари ва сиртқи сувлар экологияси бўйича тадқиқот гуруҳи ҳамраҳбари Маттиа Сакко бу ҳисобот глобал сув айланишининг барча асосий компонентлари бўйича “хавотирли пасайиш тенденцияларини таъкидлашини” айтди.
“Сайёрамизнинг ҳаёт учун муҳим манбаси бўлмиш сувнинг сифати ва миқдори кескин пасайишининг оқибатлари биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, экотизимларнинг заифлашиши ва умуман олганда янада нозик дунёни ўз ичига олади. Глобал сув айланишининг яхлитлиги хавф остида – биз ҳозироқ ҳаракат қилишимиз керак ”, дейди у.
Live
Барчаси