Қуддус можароси: Европа Иттифоқи томонларни музокарага чақирди
Олам
−
11 Май 2021
3222Европа Иттифоқи Шарқий Қуддусда бошланган тўқнашувлардан хавотирини билдириб, Исроил ва Фаластинни музокараларни бошлашга чақирди. Бу ҳақда ЕИнинг ташқи сиёсат хизмати вакили Питер Стано маълум қилди.
“Сўнгги воқеалар тинчлик ва барқарорликка эришиш учун музокараларни қайта бошлаш зарурлигини талаб қилмоқда. Икки давлатнинг тинч-тотув яшаши учун музокараларни қўллаб-қувватлаш керак. Биз томониларни тезлик билан куч ишлатишни тўхтатиш ва барқарорликка эришиш учун музокара бошлашга чақирамиз. Бу фақатгина тўғридан-тўғри музокаралар билан ҳал бўлади”, деган Брюссел вакили брифингда.
Қуддусдаги вазиятнинг кескинлашиши
Қайд этиш керакки, ҲАМАСнинг ҳарбий ҳаракатларига Исроилнинг босиб олинган Қуддус шаҳридаги провокацион зўравонликлари сабаб бўлган.
Гап шундаки, 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинликлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.
Қизил ярим ой жамиятининг маълумотларига кўра, Исроил полициясининг зўравонликлари оқибатида 700 дан ортиқ киши жароҳатланган, шундан 333 нафари шифохонага ётқизилган.
Халқаро ҳамжамият Қуддусдаги воқеаларга тезда муносабат билдирди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 10 май куни Фаластиндаги можароларга бағишланган йиғилиш ўтказди, аммо якунда ҳеч қандай баёнот қабул қилинмади.
Ўз навбатида, мунтазам равишда фаластинликлар томонида турувчи Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған исломий мамлакатлар ва бутун дунё жамоатчилигини оккупация қилинган Шарқий Қуддусдаги фаластинликларни ўз уйларидан зўрлик билан чиқариб юбораётган Исроилнинг агрессив ҳаракатларига нисбатан самарали қаршилик кўрсатишга чақирди. Кейинроқ Эрдўған Исроилнинг ҳаракатларини “террор“, деб баҳолади.
Туркия Президентидан сўнг, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.
Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.
Ўз навбатида, Исроил Бош вазири дунё ОАВни воқеалар ривожини нотўғри талқин қилганликда айблаб, мамлакат полициясининг зўравонликларини қўллаб-қувватлаган эди.
Бундан ташқари Исроил расмийлари можаролар бошланиши билан тутинган акаси АҚШдан вазиятга аралашмаслик ва халқаро босим ўтказмасликни сўради. Вашингтон эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди.
Камола Амирова
LiveБарчаси