Қўчқоровга парламент сўрови юбориляпти
Жамият
−
14 Декабрь 2022
12198Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари кеча, 13 декабрь куни Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровга “Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва улардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чоралар тўғриси”даги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юборишга келишиб олди. Бу ҳақда Парламент қуйи палатаси сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, махсус иқтисодий, кичик саноат зоналари, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳамда тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш тадбирлари учун 1 500,0 млрд сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағларнинг объектлар кесимида манзилли дастури тасдиқланган бўлса-да, лекин жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра ажратилган маблағларнинг 540,5 млрд. сўми ўзлаштирилган.
Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан махсус иқтисодий зоналардаги объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер савдолари якунланмагани сабабли ажратилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилмай қолган.
Шу билан бирга, махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 320 млрд сўм маблағ ажратилганига қарамай, ушбу маблағ ўз вақтида ўзлаштирилмаган.
Шундан келиб чиқиб, мажлисда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровга “Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва улардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чоралар тўғриси”даги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.
LiveБарчаси