Қўчқоров тадбиркорларга оламшумул имтиёзлар бермоқчи. “Танка”си йўқлар ҳам фойдалана олармикин?

Жамият

image

Пойтахт Тошкентнинг Учтепа туманида 1-қаватдаги уйларни сотиб олиб, тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлганларга “Миллий банк” томонидан алоҳида имтиёзли кредит линияси йўлга қўйилиши режалаштириляпти. Бу ҳақда бугун, 13 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Учтепа тумани фаоллари билан учрашувида Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров сўз очди. 

Вазир туманга оид режаларни тақдим этди.

Унинг қайд этишича, Учтепанинг Хирмонтепа кўчасида, йўл бўйларида 75 та савдо нуқталари очиш режалаштириляпти. Бундан ташқари, туман бўйича 360 та бинода фойдаланилмай турган 91 минг квадрат жойларни ижарга берса бўлади.

“Биламизки, кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида тадбиркорлик нуқталари очиш мумкин. Шунинг учун бундай уйлар қиммат. Буни ҳисобга олган ҳолда, 1-қаватдаги уйларни сотиб олиб, тадбиркорликни йўлга қўйишни истовчиларга “Миллий банк” томонидан алоҳида имтиёзли кредит линиясини йўлга қўймоқчимиз”, дейди Қўчқоров.

Шунингдек, у туманда кўпчилик биладиган “Ватан” кинотеатрининг 25 фоизлик улуши давлат ҳисобида қолиб кетганини эслатди. 

“Ҳозир 75 фоизлик улушига эга тадбиркор объектдан тўлақонли фойдалана олмаяпти. Агар унга тўлиғича ўтказилса, 8 млн доллар инвестиция киритаман ва 350 кишини иш билан таъминлайман, деяпти.

Умуман, режаларимиз бўйича Учтепа туманида келгуси йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 6,7 трлн, савдо ва ишлаб чиқариш 18 трлн сўмга етказилади. Бу борада туман Тошкент шаҳрида етакчилардан бири бўлади”, дейди Жамшид Қўчқоров.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, айрим ҳолларда Президентга тақдимоти ўтказилган кўплар лойиҳалар ё амалга ошмай қолади, ё буткул ўзгариб кетади. Арзон, имтиёзли дейилган кўплаб лойиҳаларга вақт ўтгач, яқинлашиб бўлмайди. Қўчқоров айтганидек, тумандаги ўзгаришлар оддий тадбиркорлар қулоғига етиб бориб, улар ҳам бу имкониятлардан фойдалана олармикин? 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

393

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг