Қрим оммавий дронлар ҳужумига учради (видео)

Олам

image
0:00
0:00
download

Аннексия қилинган Қримнинг ғарбий ва шимолий қисмидаги Евпатория, Жанкой ва қатор бошқа аҳоли пунктлари ҳужумга учради ва аҳоли электрсиз қолди. Бу ҳақда “Қрименерго” хабар берди.

Қайд этилишича, компания электр таъминотидаги муаммоларни электр тармоқларидаги технологик бузилишлар билан изоҳлаган ва тизимни бир кун ичида тиклашга ваъда берган. Бу орада Украинанинг мониторинг юритувчи Telegram-каналлари Қримга дронларнинг навбатдаги оммавий ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берган. Аннексия қилинган республика Россия Мудофаа вазирлигининг тунги ҳаво ҳужумига учраган ҳудудлар ҳақидаги ҳисоботида ҳам қайд этилган.

“Кримский ветер” канали маҳаллий аҳолига таяниб хабар беришича, тунда Феодосия, Керч, Красноперекопск ва Шёлкино ҳудудида портлаш товушлари эшитилган. “Supernova+” маълумотларига кўра, Керч портидаги нефть базаси, “TES-Terminal” нефть маҳсулотларини қайта юклаш ва сақлаш мажмуаси, шунингдек, Керч бўғозининг Россия томонидаги “Кавказ” порти такрорий зарба остида қолган.

Шунингдек, Керчдаги “Насосная-2” подстанциясида, “Южная” темир йўл вокзалида ва Аршинцеводаги ИЭС ҳудудида ёнғинлар содир бўлган. “The Insider” нашри NASAнинг “FIRMS” сунъий йўлдош мониторинги тизими маълумотларини таҳлил қилиб, ушбу ҳудудларнинг баъзиларида термик аномалиялар мавжудлигини тасдиқлаган. Ҳозирча расмий изоҳ берилмаган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 21 июнь куни ҳам Қримнинг бир қисми чироқсиз қолган эди. Ўшанда, ярим оролга дронлар ҳужум қилган куни “Қрименерго” электр тармоқлари шикастлангани ва Шимоли-Ғарбий, Марказий ҳамда Жанубий қирғоқ энергия ҳудудлари истеъмолчилари қисман тармоқдан узилганини маълум қилган.

21 июндаги ҳужумдан кейин аннексия қилинган Қримнинг Россия томонидан тайинланган расмийлари очиқ савдода бензин қолмагани ҳақида ҳам хабар берган. Ярим оролдаги вазият туфайли болаларнинг ёзги лагерларга бориши бекор қилинган, Керчда эса қўшимча чекловлар, жумладан, шикастланган объектлар ҳудудида транспорт ҳаракатини чеклаш жорий этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Қуролли кучларининг Ҳарбий-ҳаво кучлари бўлинмалари Россиянинг Воронеж шаҳридаги ракета компонентлари ишлаб чиқарадиган заводга зарба бергани ҳақида хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қрим дрон ҳужуми Евпатория

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг