Қозоғистондаги портлашда ўзбекистонликлар ҳам жабрлангани маълум бўлди
Олам
−
04 Январь
8644Бугун, 4 январь куни соат 02:00 атрофида Қозоғистон Республикаси Ғарбий Қозоғистон вилояти Ўрал шаҳри Сирим Датов кўчасидаги икки қаватли кафеда газ-ҳаво аралашмасининг портлаши оқибатида ошхона биносининг қулаб тушгани ва ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар бергандик.
Ғарбий Қозоғистон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ернур Утегеновнинг сўзларига кўра, портлаш вақтида икки киши ҳалок бўлган, яна олти киши қутқарилган, 5 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари билан шаҳар кўп тармоқли шифохонасига етказилган.
Ғарбий Қозоғистон соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Эрлан Тўқсанов барча жабрланганлар шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказилганини айтган. Бир киши амбулатор даволанишга юборилган. Яна бирининг юзи ва бўйнида енгил куйиш жароҳатлари бўлиб, травматология бўлимига ётқизилган.
“Оғир куйган тўрт киши реанимацияда. Бир жабрланувчига икки томонлама пневмоторкс (плевра бўшлиғида ҳаво ёки газлар тўпланиши) ва ўнг сон суягининг синиши ташхиси қўйилган. Тўрт нафарига ёпиқ бош жароҳати ва мия чайқалиши "диагнози" қўйилган. Уч нафар жабрланувчи 15 фоиздан 52 фоизгача куйиш жароҳати олган. Уларнинг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда”, деган Тўқсанов.
Унга кўра, беморларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, айни пайтда реанимацияга ётқизилган, қолган уч нафари Қозоғистон фуқароларидир. Беморларнинг ёши 23 ёшдан 30 ёшгача.