Қозоғистонда СССР паспорти билан 30 йил қулликда
Олам
−
19 Сентябрь 2019
7888Россиялик Дмитрий ҳозирда 60 ёшда, у умрининг 30 йилини Қозоғистонда қулликда ўтказган ва шу вақт ичида у бир неча бор сотилган. Бу ҳақда Baigenews.kz хабар бермоқда.
Дмитрий Совет Иттифоқи парчаланиб кетгунга қадар Россиядан пул топиш учун Қозоғистонга келган. У бу ерда чорвачилик фермасида ишлаган. Хўжайин эса Дмитрийга маош бериш ўрнига нонушта берган холос.
Биринчи марта у ўша пайтда Кўкчатов вилоятида қулликка тушиб, Олма-Ота вилоятига сотилган.
"Сўнгги 11 йил давомида мен Олма-Ота вилоятида чеченлар билан бирга яшадим. Печка ёқдим, қор тозаладим, ҳовлини супурдим, чорва молларини боқдим. Ҳеч қандай маош берилмади, ишлашга мажбур бўлдим ва фақат мени уйга қайтаришга ваъда беришди. Aммо мен ҳеч қачон уйга бормадим. Уч-тўрт йил олдин, "эгаларим" мени калтаклашди. Чунки улар бу пайтда маст бўлган ва дам олишни хоҳлашган. Улар мени баъзида овқатсиз қолдирган. Кетишга имкон тополмасдим. Россияда қариндошларим ва дўстларим бўлгани билан қўлимда совет паспорти бор эди. Ҳужжатсиз эса ҳеч қаерга боролмасдим", дейди Дмитрий.
Кунларнинг бирида у тасодифан Олма-Ота вилоятида бир ғамхўр одамни учратади. "Унинг исми Руслан, у қозоқ, лекин Россияда яшайди. Биз у билан учрашдик ва панжара орқали гаплашдик, чунки мен ҳовли ташқарисига чиқолмасдим. У мени қулликдан озод бўлишимда ёрдам беришга ваъда берди. Руслан дўстлари билан келиб, хўжайинлар билан келишишга ҳаракат қилди. Бироқ жанжал бошланди ва оқибатда улар менга жаҳл қилиб, Қўстанайга олиб кетишди. Чунки бу ҳудуд Россия билан чегарадош ва бу ердан уйга қайтишим осонроқ бўларди", дейди Дмитрий.
Дмитрий полицияга уни кўп йиллар давомида асирликда сақлаганларга қарши ариза ёзмоқчи эмас, уларни таъқиб қилишдан қўрқади. Ҳозир Дмитрийнинг соғлиғи яхши эмас, оёқлари тортишади, ошқозон оғрийди.
"Дамиту" маркази унга ҳуқуқий ва психологик ёрдам бермоқда. Марказнинг олдида СССР паспортига эга бўлган Дмитрийни Россия Федерацияси фуқаролиги билан тасдиқлаш вазифаси турибди.
"У ўтган ҳафта бизнинг ташкилотимизга мурожаат қилди. Уни Ватанига қайтариш учун ҳамма нарса қилиняпти. Энди биз унга Нижний Новгород яқинида яшайдиган қариндошлариникига бориши учун чипта сотиб оламиз", деди фонд менежери Нина Косюк.
Косюкнинг сўзларига кўра, Дмитрийни уйида ўғли, қизи ва синглиси кутмоқда.
"У Россияни 1990 йилда тарк этган ва 1992 йилда Қозоғистон ҳудудида бўлган. Aммо Дмитрий Россия Федерациясида яшаш ҳуқуқига эга ва у ерда рўйхатдан ўтган. Шундай қилиб, биз унинг Россия фуқароси эканига ишонамиз, унинг ўғли ва қизи Россияда кутмоқда. Биз оиласи билан Дмитрийни учрашишига ва реабилитацияга ёрдам беришга тайёрмиз. Россиянинг элчихонаси билан биргаликда унга қайтиб келиш тўғрисида гувоҳнома бериш учун ишламоқдамиз", дейди Нина Косюк.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь