БМТ судьяси ватандошини қулликка мажбурлагани учун 6 йилга қамалди
Олам
−
03 Май
4478Буюк Британиянинг Оксфорд Қироллик суди БМТ судьяси ва айни пайтда Уганда Олий судининг судьяси бўлган Лидия Мугамбени ўз ватандошини хизматчи ва бола парвариши ишларига мажбурлагани учун 6 йил-у 4 ой қамоқ жазосига ҳукм қилди. Кеча, 2 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида судья Мугамбе айбни жабрланувчига юклашга уринганини ва “ҳеч қандай пушаймонлик” кўрсатмаганини таъкидлади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, 50 ёшли Мугамбе Буюк Британия иммиграция қонунчилигини бузиш мақсадида тил бириктириш, эксплуатация мақсадида сафар уюштириш, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳамда гувоҳни қўрқитишга уриниш каби айбловлар билан судланган. У бу жиноятларни Оксфорд университетида ҳуқуқ бўйича докторлик диссертацияси устида ишлаётган пайтда содир этган.
Исми ошкор этилмаган жабрланувчи аёл судда Угандага қайтишдан хавфсираётгани, ҳаётига таҳдид борлигини айтган. У онасини энди ҳеч қачон кўрмаслиги мумкинлигини билдириб, Буюк Британияда бошпана олган.
Мугамбенинг адвокати Пол Рауднитс судда унинг “муваффақиятли юридик фаолияти” ҳақида гапириб, Мугамбе кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётганини айтган. Суд мажлиси олдида бир гуруҳ одамлар “Лидия Мугамбе учун адолат!” деган шиорлар билан чиқиш қилган. Бироқ судья ҳукм эълон қилаётиб, бу “жуда қайғули иш” эканини таъкидлаган ва Мугамбенинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги хизматларини эътироф этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уганда Олий судининг ҳам судьяси бўлган 49 ёшли Мугамбе Уганда олий комиссари ўринбосари Жон Леонард Мугерва билан ёш аёлнинг Буюк Британияга келишини ташкиллаштириш учун ноқонуний тил бириктиргани аниқланганди. Мугамбе ёш аёлни Буюк Британияда бепул ишлашга ва болаларига қарашга мажбурлаган, унинг ҳуқуқий саводсизлигидан фойдаланиб, мамлакатга келиш мақсади ҳақида ёлғон гапирган.
LiveБарчаси