Қозоғистонда карантин чоралари кучайтирилади

Олам 5049
image

Қозоғистоннинг Оқмола вилоятида карантин чоралари кучайтирилмоқда. Бу ҳақда "Казинформ" хабар берган. 

Вилоятда 28 октябрдан 3 ноябргача 179 та коронавирус билан боғлиқ ҳолат аниқланган. Бу 100 минг аҳолига нисбатан 24,2 фоиз кўрсаткич демакдир. 

Киритиладиган чоралар доирасида Оқмола вилояти аҳолисига камида 2 метргача ижтимоий масофа сақлаш мажбурияти юклатилади. 

Вилоят аҳоли пунктлари ҳудудида аҳолининг ҳаракати соат 21:00 дан 06:00 гача чекланади. Маҳаллий ижроия, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, тез тиббий ёрдам ва шошилинч тиббий ёрдам, давлат тиббиёт муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати, ёнғин ўчириш, шошилинч қутқариш хизматлари ходимларининг ҳаракатлари бундан мустасно. 

65 ёшдан ошган шахсларга ўта заруратсиз уйдан чиқиш тавсия этилмайди. Улар қуйидаги ҳолатларда кўчага чиқиши мумкин: озиқ-овқат, зарур буюмлар, дори-дармон ва тиббий буюмларни сотиб олиш учун; фавқулодда вазиятда тиббий муассасаларга бориш учун. 

Боғлар, хиёбонлар, майдонлар ва бошқа кўнгилочар муассасаларга 3 кишидан кўп бўлиб бориш ман этилади. 

Оилавий маросимларни кўп одам иштирокида ўтказиш тақиқланади. Шунингдек, дафн маросимларида 30 дан ортиқ одам йиғилишига йўл қўйилмайди. 

Чоралар жорий йил 7 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб кучга киради. Коронавирус билан боғлиқ ҳолатга қараб, улар узайтирилиши ёки юмшатилиши мумкин. 

Вилоятнинг маъмурий маркази - Кокшетов шаҳри бўйлаб карантин зоналари ва санитария постлари ташкил этилади. Бу ерда сўнгги бир ҳафта ичида СОVID-19 юқтирганлар сони икки баравар кўпайган.

Эртадан бошлаб санитария постлари Қарағанди вилояти чегараларида ҳам йўлга қўйилади. 

Аввлроқ, Қозоғистон коронавирус туфайли давлат чегарасида чеклов чораларини кучайтириши ҳақида хабар бергандик. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Республика Ҳукумати СОVID-19 тарқалишини тўхтатиш мақсадида ҳудудлар чегараларида назорат пунктларини ўрнатган. Май ойининг ўрталаридан бошлаб карантин чоралари аста-секин заифлаша бошлаган ва постлар олиб ташланган.

Пандемия бошланганидан буён Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ 113 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган. 1 минг 857 киши вафот этган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 106
Рейтинг: 2.9
t
×