Қозоғистонда қулдек ишлатилган ўзбекистонликларнинг “хўжайин”ларига нисбатан эътирози йўқлиги айтилди
3-саҳифа
−
19 Октябрь 2023
15504Аввалроқ, 60 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Чимкентдаги ғишт заводларида мажбуран ишлатилиб, тутқунликда сақлаб келингани хабар қилинганди. Эндиликда мазкур фуқароларнинг асосий қисми паспортлари қайтариб берилса, Ўзбекистонга қайтишини, иш берувчига нисбатан эътирозлари йўқлигини билдирди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 14 октябрь куни Чимкент шаҳридаги ғишт заводларида тезкор тадбирлар ўтказилиши натижасида 60 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ва яшаш рухсатномаси йўқлиги сабабли Каратау тумани полицияси бўлимига олиб кетилган.
Вазият Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олиниб, суриштирув давомида ҳужжатлари йўқ 40 нафар фуқаро Чимкент шаҳридаги ИИБ вақтинчалик сақлаш марказига ва 24 нафари “Сана Сезим” ташкилоти ёрдамида ҳостелга жойлаштирилган.
Кеча, 18 октябрь куни 40 нафар фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари Чимкент шаҳри полицияси бўлими ходимлари томонидан топилган. Билдирилишича, уларга нисбатан Қозоғистоннинг Маъмурий кодекси бўйича иш кўрилмоқда.
“Ушбу ҳолат бўйича Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Чимкент шаҳридаги вакили томонидан Каратау тумани полицияси бўлимида ушбу фуқаролар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг ҳуқуқлари тушунтирилди. Фуқароларнинг асосий қисми паспортлари қайтариб берилса, ватанга қайтишини, иш берувчига нисбатан эътирозлари йўқлигини билдирди”, дейилади агентлик хабарида.
Шунингдек, агентлик Чимкент шаҳридаги ғишт заводида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик А.А. мажбурий меҳнатдан қочиб, Олмаота шаҳрига боргани ва у ерда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар юзасидан ҳам маълумот берган.
Таъкидланишича, ҳостелга жойлаштирилган 24 нафар Ўзбекистон фуқароси орасида А.А. ҳам бўлган. Айни пайтда судга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 60 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини ушлаб турган 1992 ва 1994 йилларда туғилган ғишт заводи эгалари одам савдосида айбланиб, қамоққа олингани, уларга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошлангани хабар қилинганди.
LiveБарчаси