Қозоғистонда блогерлар нотўғри маълумот тарқатгани учун жазо белгиланмоқда
Олам
−
29 Июнь 2023
3579Қозоғистон Сенати депутатлари блогерлар нотўғри маълумот тарқатгани учун жарима ва солиққа тортилишини кўзда тутувчи “Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда “Press.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур қонун билан онлайн платформалар ва онлайн реклама соҳаси давлат томонидан тартибга солинади, улар фаолиятининг ҳуқуқий асоси белгиланади. Шу билан бирга, мазкур қонун билан онлайн платформалар фойдаланувчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб берилади.
“Қонуннинг мақсади онлайн платформалар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, шунингдек, онлайн рекламани ишлаб чиқариш, жойлаштириш, тарқатиш ва сақлаш, ноқонуний контентнинг олдини олиш ва уларга чек қўйишдан иборат. Қонуннинг вазифалари онлайн платформалар фаолиятининг шаффофлигини сақлаш ва ахборот маконининг хавфсизлигини таъминлашдан иборат”, дейди маҳаллий депутат Ойгул Капбарова.
Қонунда онлайн платформаларда ноқонуний контентнинг олдини олиш ва болаларни уларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказувчи маълумотлардан ҳимоя қилиш бўйича ҳам нормалар белгиланган.
Шунингдек, Қозоғистон қонунларида белгиланган доирада шахсий маълумотларни тўплаш ва қайта ишлашда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган нормалар қайд этилган.
Онлайн платформалар эгалари ва қонуний вакилларига инсон ва фуқароларнинг ҳаёти ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ноқонуний контент аниқланган тақдирда дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор қилиш, шунингдек аккаунтлар фаолиятини тўхтатиб туриш мажбурияти жорий этилган.
Парламент томонидан қабул қилинган ушбу қонун Қозоғистон Президентига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарорига киртилган ўзгаришга биноан сайтлар ва блогерлар уларга билдирилган изоҳлар учун жавобгар бўлиши белгилаб қўйилганди.
LiveБарчаси