Сайтлар ва блогерлар энди изоҳлар учун жавобгар бўлади. Ҳақоратлар ўчирилиши шарт

Жамият 5875
image

Электрон ОАВ вакиллари ва блогерлар веб-саҳифаларига қонунга зид шарҳлар ёзилганда уларни аниқлаш ва зудлик билан ўчириб юбориш тартиби тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарорига қўшимчалар киритилди.

Ҳукуматнинг 23 декабрдаги 807-сонли қарори билан веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек, блогерга Ўзбекистон қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартиби тасдиқланган.

Унга кўра, тартибнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш имкони мавжуд бўлган ахборот ресурсларига нисбатан татбиқ этилади.

Тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) томонидан ахборот ресурсларида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотлар аниқланганда Марказ томонидан 24 соатдан кечиктирмасдан ахборот ресурслари эгаси, шунингдек, блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юборилади.

Хабарнома Марказнинг расмий ахборот ресурслари (электрон почта, ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлардаги расмий саҳифа) орқали электрон шаклда юборилади. Унда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот жойлаштирилган ахборот ресурсининг номи, ахборот жойлаштирилган сана кўрсатилади; тақиқланган ахборотга ҳавола ва унинг экрандаги тасвири нусхаси илова қилинади. Шунингдек, қўшимча равишда ушбу ахборотни тарқатиш учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик тўғрисида маълумотлар келтирилиши мумкин.

Ахборот ресурси эгаси (блогер) хабарномани олган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаши, шунингдек, бу тўғрисида Марказни унинг расмий ахборот ресурслари орқали электрон шаклда ёки қоғоз шаклида хабардор қилиши лозим.

Агар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот ушбу тартибнинг 6-бандида кўрсатилган муддатда ахборот ресурси эгаси томонидан олиб ташланмаса, у ҳолда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ушбу ахборотни олиб ташлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот жойлаштирилган ижтимоий тармоқ ёки мессенжер маъмурига ёки даъво аризаси билан судга мурожаат қилиниши мумкин.

Маълумот учун, 2014 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуни 12-1-модда билан тўлдирилган бўлиб, унга қуйидагича меъёр киритилган:

“Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан:

•    Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;

•    уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;

•    давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;

•    миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;

•    гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

•    порнографияни тарғиб қилиш;

•    қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.

Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шартлиги белгиланган.

Ҳукуматнинг 707-сонли қарорида веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайтлардан ва (ёки) саҳифаларидан фойдаланишда қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган қонун ҳужжатларини бузилиши ҳолатларида ваколатли орган ушбу веб-ресурслардан фойдаланишни чеклаши мумкинлиги белгиланган.

Бироқ веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогерларнинг ўз веб-сайти ва (ёки) веб-сайт саҳифаларига жойлаштирилган оммавий ахборотига ёзилаётган шарҳларда қонунбузилиш ҳолати юз бергани тўғрисида, дастлаб ушбу қонунга зид шарҳларни ўчириб ташлаш бўйича ахборот эгаси ёки блогерга тегишли хабарнома бериш зарурлиги инобатга олинмаган. Эндиликда бу тартиб жорий қилинди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 61
Рейтинг: 3
t
×