Қозоғистонда бир одамнинг бир мартадан кўп Президент бўлиши тақиқланди
Олам
−
17 Сентябрь 2022
9809Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 17 сентябрь куни Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Қонун билан Конституция киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда давлат раҳбарининг ваколат муддати қайта сайланиш ҳуқуқисиз етти йиллик муддат билан чекланди.
“Давлат раҳбари “Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қозоғистон Республикаси қонунини имзолади. Қонун матни матбуотда эълон қилинди”, дейилади хабарда.
Ҳужжатга кўра, энди Президент аввалги беш йил ўрнига етти йилга сайланади. Асосийси бир шахс бир неча марта сайланиши мумкин эмас. Илгари тегишли нормада мамлакат раҳбарининг кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши тақиқланган эди.
“Республика Президенти етти йил муддатга сайланади ва бир шахс бир неча марта республика Президенти этиб сайланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоидалар ўзгармасдир”, дейилади Конституциянинг 91-моддаси 2-бандининг янги таҳририда.
Шу билан бирга, Асосий қонуннинг 42-моддаси 5-бандининг бир шахс бир неча марта сайланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги ўзгартирилган қоидаси ушбу қоида кучга кирганидан кейин ўтказилган Президент сайлови ғолибларига нисбатан қўлланила бошлайди. Яъни Тўқаев яна бир марта сайланиши мумкин. Чунки у бу қоида кучга киришидан олдин Президент бўлган.
Тўқаев томонидан имзоланган Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун биринчи расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Қонун билан мамлакат пойтахтига Остона номи ҳам қайтариб берилди.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни Қозоғистоннинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жорий йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайлови, 2023 йилнинг биринчи ярмида эса парламентга навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишини маълум қилган эди.