Қозоғистонда авж олаётган касаллик Ўзбекистонга ҳам етиб келадими?
Саломатлик
−
05 Октябрь 2023
41913Аввалроқ, Қозоғистонда балиқ орқали юқадиган описторхоз касаллигига чалинганлар сони ортаётгани хабар қилинганди. Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси вазиятга баҳо бериб, мазкур касалликнинг мамлакатда тарқалиш эҳтимолини йўқлигини маълум қилди.
“Юртимизда описторхоз касаллиги билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмаганини ва бундай инфекция учрамаслигини маълум қиламиз”, дейилади қўмита баёнотида.
Маълум қилинишича, описторхоз гижжа касалликлари гуруҳига мансуб табиий ўчоқли биогельминтоз ҳисобланади. Одамлар ва балиқ истеъмол қиладиган ҳайвонлар, шу билан бирга айиқлар мазкур инфекцияни юқтиришга мойил бўлади. Инфекция карп оиласига кирувчи балиқларни хом, ним тузланган ҳолда ёки иссиқлик билан ишлов берилмасдан истеъмол қилганда юқади.
Россия, Украина, Қозоғистон ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида описторхоз кенг тарқалган.
Касалликнинг Opisthrchis felineus деб номланувчи тури асосан Ғарбий Сибирда, Обь дарёси ҳавзасидан Россиянинг Европа қисмигача бўлган ҳудудда учрайди. Инфекциянинг энг юқори хавфи дарё ҳудудларида: Бирюса, Волга, Днепр, Дон, Иртиш, Кама, Обь, Шимолий Двина, Урал дарё ҳудудларида учрайди. Қозоғистон ва Европада ҳам касаллик учраб туради. Билдирилишича, описторхознинг дунёдаги энг катта ўчоғи Обь-Иртиш сув ҳавзасида жойлашган.
Инфекциянинг Opistorchis viverrini тури эса Россияда деярли учрамайди, лекин Жанубий-Шарқий ва Жанубий Осиё мамлакатларида, асосан Таиландда кузатилади.
2022 йилда описторхознинг 11520 та ҳолати Россияда қайд этилган бўлиб, касалланиш даражаси 100 минг аҳолига 7,9 нафарни ташкил этган.
Қозоғистоннинг шимолий ва шимолий-шарқий қисмларида Иртиш дарёси ва унинг ирмоқлари ҳудудларида ҳам описторхоз билан касалланиш ҳолатлари кўплаб учраб туради. Урал дарёси атрофида ҳам описторхоз билан касалланган балиқлар аниқланган.
Описторхознинг асосий белгилари:
- юз ва танадаги тошма;
- тана ҳароратининг 37-38 даражага кўтарилиши, бу тўрт ҳафтагача давом этади;
- икки ҳафтагача давом этадиган бош оғриғи;
- уйқу бузилиши, заифлик, терлаш ва иштаҳани йўқотиш;
- мушаклардаги оғриқ;
- аллергик реакциялар.
Агар касаллик тўлиқ даволанмаса, у жигар ва юрак касалликларига, буйрак яллиғланишига олиб келиши мумкин. Касалликнинг келиб чиқишига асосий манба дарёларда яшовчи сазан оиласига мансуб балиқлардир.
Санитария шифокорлари касалликка чалинмаслик учун қуйидагиларни тавсия қилади:
- карп оиласига кирувчи хом, етарлича тузланмаган, ёмон қуритилган балиқларни истеъмол қилмаслик;
- хом балиқни кесиш пайтида ёки ундан кейин шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш;
- балиқни 2-3 ҳафта давомида тузлаш;
- балиқни камида 20 дақиқа қовуриш.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси 2023 йил бошидан буён ҳудудда 113 та описторхоз ҳолати қайд этилганини маълум қилганди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга ўсганини англатади.
LiveБарчаси