4 кишида куйдирги касаллиги қайд этилди
Олам
−
17 Сентябрь 2019
11999Қозоғистон жанубидаги Жамбил вилоятида тўрт киши куйдирги инфекцияси билан касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда КТК хабар бермоқда.
Экспертлар касалларнинг танасидаги характерли тошмаларга қараб, улар чорва молларини сўйишда ёки ҳайвонларни даволашда иштирок этган деган қарорга келишди.
“Шакпак қишлоғидаги чўпонлар битта деҳқон хўжаликда ишлайди. Улардан шикоятлар келиб тушди”, дейди вилоят юқумли касалликлар касалхонаси шифокори Гулфайра Мирзабекова.
Шифокорга кўра, даволаш камида 20 кун давом этади. Яна 44 киши, шу жумладан касалларнинг қариндошлари, ҳамкасблари ва туман ветеринарлари бир ҳафта давомида шифокорлар томонидан кузатилади.
Бироқ вилоят расмийлари одамларнинг чорва молларидан куйдирги касаллигини юқтирганини тасдиқламади ва шу боис қишлоқда карантин жорий қилмоқчи эмас.
“Текширув ҳайвонларда куйдирги касаллиги борлигини рад этди. Ҳайвонлар юқумли бўлмаган касалликлар натижасида нобуд бўлган”, дейди Жамбил вилояти ҳокимлиги ветеринария бўлими бошлиғи Канатбек Картабаев.