Қозоғистон ва АҚШ ўртасида 17 млрд долларлик шартномалар имзоланди

Олам

image

Кеча, 6 ноябрь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп ўртасида Оқ уйда бўлиб ўтган учрашув давомида 17 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги келишувлар имзолангани ва икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик янги босқичга кўтарилгани эълон қилинди. Бу ҳақда Оқ ўрда матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Тўқаев Америка раҳбарига Вашингтонга таклиф ва Қозоғистон делегациясига кўрсатилган илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорлик изҳор қилди. У Дональд Трампнинг президентлиги тарихий аҳамиятга эга эканини, унинг раҳбарлигида АҚШ дунёдаги етакчи иқтисодий, сиёсий ва технологик держава сифатида мавқеини мустаҳкамлаётганини таъкидлади.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, Трампнинг раҳбарлиги дунё хавфсизлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги йўлида ҳал қилувчи ҳисса қўшмоқда.

Қозоғистон раҳбари АҚШ Президентининг тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларини, жумладан TRIPP — “Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли” дастурини қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг фикрича, бу ташаббус Ўрта коридорни (Trans-Caspian International Transport Route) янада ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Дональд Трамп, ўз навбатида, АҚШнинг Қозоғистон билан кўп қиррали стратегик шерикликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлади.

Учрашув доирасида Қозоғистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 17 миллиард доллардан ортиқ тижорат шартномалари имзолангани маълум қилинди. Суҳбат давомида икки давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартибидаги кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олди.

Шунингдек, Президентлар жаҳон сиёсатидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди, хусусан минтақавий барқарорлик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталди.

Эслатиб ўтамиз, Оқ уйда бўлиб ўтган учрашув чоғида Қозоғистон ва АҚШ Президентлари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Дональд Трамп ҳамда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху иштирокида қўшма телефон суҳбати амалга оширилганди. Суҳбатнинг асосий мавзуси — Қозоғистон Республикасининг Иброҳим келишувларига қўшилиш нияти бўлди. Кейинроқ Трамп Марказий Осиё етакчилари билан ўтказган саммитда Қозоғистон Иброҳим келишувларига расман қўшилганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Қозоғистон Дональд Трамп Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг