Тўқаев ва Трамп Оқ уйда Нетаньяхуга сим қоқди
Олам
−
07 Ноябрь 6175 2 дақиқа
Кеча, 6 ноябрь куни Оқ уйда бўлиб ўтган учрашув чоғида Қозоғистон ва АҚШ Президентлари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Дональд Трамп ҳамда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху иштирокида қўшма телефон суҳбати амалга оширилди. Бу ҳақда Оқ ўрда матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбатнинг асосий мавзуси — Қозоғистон Республикасининг Иброҳим келишувларига қўшилиш нияти бўлди.
Қозоғистон раҳбари таъкидлашича, АҚШ Президенти Дональд Трамп кўпчилик имконсиз деб ҳисоблаган ютуқларга эришиб, Яқин Шарқда барқарор тинчлик ўрнатиш учун реал асос яратган.
“Қозоғистон Иброҳим келишувларига қўшилар экан, қаршиликни бартараф этиш, мулоқотни илгари суриш ва БМТ Низоми асосида халқаро ҳуқуқни қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилганини билдирди.
Мамлакатнинг бу қарорини ҳеч бир давлат билан икки томонлама муносабатларга таъсир қилмайдиган, балки кўп томонлама дипломатиянинг табиий давоми ва намоёни сифатида изоҳланади”, дейилади хабарда.
Президент Дональд Трамп Қозоғистон раҳбарининг Иброҳим келишувларига қўшилиш қарорини юқори баҳолаб, бу қадам бошқа давлатларни ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга рағбатлантиради, деб таъкидлади.
“Бу – дунё бўйлаб кўприклар қуриш йўлидаги муҳим қадам. Бугун кўплаб мамлакатлар менинг Авраам келишувларим орқали тинчлик ва фаровонлик йўлини танлашга тайёр”, деди Дональд Трамп телефон суҳбати якунида.
Расмий қисм якунланганидан сўнг, Дональд Трамп ва Қасим-Жомарт Тўқаев суҳбатни норасмий муҳитда давом эттирди. Улар Оқ уй айвонидан янги баллар зали қурилишини кўздан кечирди.

Қозоғистон аллақачон Исроил билан тўлиқ дипломатик ва иқтисодий алоқаларга эга, шу боис бу қадам асосан рамзий аҳамиятга эга бўлади.
Трамп ўзининг илк президентлик даврида бу келишувларни ишлаб чиққан ва уларни кенгайтириш ниятида эканини бир неча бор таъкидлаган. 2020 йилда Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн Трамп воситачилигида Исроил билан муносабатлар ўрнатган. Шу йилнинг ўзида Марокаш ҳам Исроил билан дипломатик алоқалар йўлга қўйган.
Трамп сўнгги пайтларда Ғазодаги оташкесимдан сўнг Саудия Арабистони ҳам келишувга қўшилиши мумкинлигидан умидворлигини билдирган, аммо Ар-Риёд Фаластин давлатчилиги бўйича ҳаракатсиз ҳолда олға силжишга тайёр эмаслигини билдириб келмоқда.
“Reuters”нинг ёзишича, Озарбайжон ва Ўзбекистон – ҳар иккаласи ҳам Исроил билан яқин муносабатларга эга – келгусида Иброҳим келишувларига қўшилиши мумкин бўлган мамлакатлар сифатида тилга олинмоқда. Бу келишувлар Трампнинг илк президентлик муддатидаги энг муҳим ташқи сиёсий ютуқларидан бири сифатида баҳоланади.
Live
Барчаси