Қозоғистон “Толибон”ни тан олдими? ТИВ вакили жавоб берди 

Олам 9499
image

Қозоғистон расмийлари Афғонистон устидан назорат ўрнатган “Толибон” ҳаракатини тан олмади. Бу ҳақда бугун, 20 август куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Акан Раҳматуллин брифингда маълум қилди.

ТИВ вакили Қозоғистоннинг “Толибон”га нисбатан позицияси ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Афғонистондаги вазият вазирликнинг диққат марказида турганини айтган.

“Биз “Толибон”ни тан олмадик. Улар билан ҳеч қандай сиёсий алоқа бўлмади. Биз бу мамлакатдаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатишда давом этамиз”, дейди Раҳматуллин.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Афғонистонда инклюзив ва вакиллик ҳукумати тузиш, миллий озчилик вакиллари ва аёлларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, бошқа давлатларга таҳдид солувчи гуруҳлар мавжуд бўлишининг олдини олиш ҳамда халқаро қонунларга риоя қилиш зарурлиги ҳақидаги баёнотини қўллаб-қувватлайди.

“Шу билан бирга, кўп йиллик тажриба афғонларнинг ўзлари олиб бораётган тинчлик жараёнига муқобили йўқлигини аниқ тасдиқлади. Давлат ва ижтимоий тузилишнинг энг мақбул моделини тарихий тажриба, ижтимоий-сиёсий воқеликлардан келиб чиққан ҳолда афғонистонликларнинг ўзлари белгилашлари керак бўлади”, дейди Ташқи ишлар вазири ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикаси қулади. Президент Ашраф Ғани эса истеъфога чиққанини эълон қилди. Шу билан мамлакатда ҳокимият “Толибон” қўлига ўтди.

2001 йил Афғонистонга кирган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг асосий қисми мамлакатни тарк этди. Ғарб давлатларининг Қобулда қолган кучлари дипломатларни ва ўзларига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилиш билан банд. “Толибон” сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда 20 йил давом этган уруш тугаганини эълон қилди

Ҳокимиятга толиблар келганидан кейинги дастлабки кунларда Қобул аэропортида тартибсизлик ҳукм сурди: одамлар дипломатик ходимларни мамлакатдан олиб кетаётган хорижий самолётларга ҳужум қилди. Кейинчалик маълум бўлишича, бир неча киши самолёт бортидан йиқилиб вафот этган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 138
Рейтинг: 3.1
t
×