Қозоғистон Россиядан миграция хавфи юзага келганда чоралар кўрмоқчи

Олам 7869
image

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги бир қатор қозоғистонликларнинг мамлакатга келаётган Россия Федерацияси фуқаролари сонининг кўпайишидан хавотирланиши билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритди. 

“Қозоғистон-Россия ҳамкорлиги доимо юқори даражадаги ишонч ва конструктив ёндашувлар билан ажралиб туради.  Ҳозирги вазиятда Қозоғистон Республикасининг давлат органлари мамлакатнинг амалдаги қонунчилиги ва халқаро шартномаларга амал қилади”, дейилади Қозоғистон ТИВ баёнотида. 

Қайд этилишича, давлатда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш механизмлари етарли, бу энг муҳими. 

“Атрофдаги ҳар қандай мураккаб геосиёсий вазиятда биз миллий хавфсизлик устуворлигидан келиб чиқамиз. Атрофдаги нотинчлик шароитида давлатимизнинг барқарорлиги жиддий синовдан ўтказилмоқда. Шуни ёдда тутиш керакки, ҳар қандай кескин баёнот ёки ҳаракат оғир вазиятда исталмаган таъсир кўрсатиши мумкин”, дейилади ТИВ хабарида. 

Қозоғистон инфратузилмаси бугунги кунда миграция билан боғлиқ ҳозирги вазиятни нисбатан енгил қабул қилади. Хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш объектлари ҳам ўз имкониятлари доирасида ишлайди, дея ишонтирди вазирлик. 

Қайд этилишича, Россиядан Қозоғистонга тўртта автомобиль ўтказиш пунктларида катта миқдордаги автомобиллар тирбандлиги юзага келган. 21 сентябрдан бошлаб Қозоғистонга Россиядан кириб келган автомобиллар сони 20 фоизга ошган. 

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг Миграция хизмати қўмитаси 2022 йилда мамлакатга 1 миллион 660 минг Россия фуқароси кириб келгани, 1 миллион 640 минг нафар Россия фуқароси чиқиб кетгани, расмийлар улар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлгани, уларнинг мамлакатда бўлиши қатъий назоратга олинганини маълум қилган. 

“Биз мавжуд вазиятни диққат билан кузатиб борамиз ва жиддий хавф-хатарлар юзага келган тақдирда халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчиликни ҳисобга олган ҳолда тегишли чоралар кўрилади", дейилади ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Президент Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра биринчи босқичда 300 минг Россия фуқароси фронтга юборилади. 

Давлат раҳбарининг сафарбарлик борасида қароридан сўнг Россиянинг йирик шаҳарларида намойишлар бошлаанди. Уларда 1,4 мингга яқин намойишчилар қўлга олинди. 

Ижтимоий тармоқларда россияликлар қўшни мамлакат ҳудудларига қочишга уринаётгани акс этган суратлар тарқалди. Россия ОАВнинг маълумотларига кўра, Президентнинг ҳарбий сафарбарлик ҳақидаги нутқидан сўнг, бир неча дақиқа ичида, 21 сентябрь куни Истанбул, Тбилиси ва Ереванга учадиган рейслар учун чипталар қолмаган. Ҳатто, Москва-Тошкент йўналиши бўйича чипталар ҳам куннинг яримгача тугаб бўлган. Россиядан водий вилоятларига бўлган авиабилетлар нархи эса икки бараварга ошиб кетган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 96
Рейтинг: 3.1
t
×