Қозоғистон Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш марказига айланди
Олам
−
24 Май
6239Қозоғистон Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш бўйича эпимарказга айланди. Бу ҳақда NUR.KZ нашри хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 23 май куни Жамоатчилик палатасининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда мамлакатда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш масалалари муҳокама қилинган. Ички ишлар вазирлиги вакилларининг маълум қилишича, сўнгги 4 йилда Қозоғистонда “синтетика” айланмаси 10 баробар ошган.
“Сўнгги йилларда Қозоғистон Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш марказига айланди. Бизнинг "синтетикамиз" аллақачон Қирғизистон ва Ўзбекистон “бозорларини” фаол равишда тўлдиради. Гиёҳванд моддалар билан шуғулланган шахсларга белгиланган қаттиқ жазоларга қарамай, олиб-сотарлар бу билан шуғулланишда давом этмоқда. Бу ерда муаммо ("синтетика"ни ишлаб чиқаришда) қонуний кимёвий моддалар ва ускуналардан фойдаланишади. Уларнинг асосийлари прекурсорлар ва махсус назорат қилинадиган товарлар рўйхатига киритилган. Буларга "бромокетон-4" моддаси, шунингдек, турли хил реакторлар, конденсаторлар ва буғлантирувчилар киради. Бироқ, уларнинг ноқонуний савдоси учун ҳақиқий жавобгарлик йўқ. Фақат прекурсорлар контрабандаси ва дори лабораториялари учун асбоб-ускуналарни сотиш жиноий жавобгарликка тортилади”, дейди Қозоғистон ИИВ раҳбари ўринбосари Марат Кўжаев.
Шу муносабат билан, Қозоғистон прекурсорлар ва юқорида қайд этилган ускуналарнинг ноқонуний айланиши учун жавобгарликни кучайтирмоқчи. Агар ўзгартиришлар қабул қилинса, гиёҳванд моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш 15 йилдан 20 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, Ўзбекистонга божхона назоратини четлаб ўтган ҳолда Қозоғистон Республикасидан олиб келинган ва келгусида кичик бўлакларга бўлган ҳолда интернет тармоғи орқали сотиш режалаштирилган 4 кг 824 гр “Мефедрон”, 3 кг 274 гр “Спайс” ва 2 кг 130 гр “Алфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситалари борлиги маълум бўлиб, улар тегишли тартибда расмийлаштириб олинганди.