Қозоғистон дрон ишлаб чиқаради
Олам
−
14 Сентябрь 2023
4650Қозоғистон дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазири ўринбосари Султон Камалетдинов маълум қилди.
Унга кўра, замонавий урушларда учувчисиз учар қурилмаларидан муваффақиятли фойдаланилмоқда.
“Эндиликда бу масала Сенат ялпи мажлисида кўтарилади. Охирги қуролли можаролар таҳлили дронлардан фойдаланишнинг долзарблигини кўрсатмоқда, биз буни тушунамиз ва тегишли чораларни кўрамиз. Айни дамда биз дронларни ҳам сотиб оляпмиз, ҳам ўзимизда ривожлантиряпмиз”, деган Камалетдинов
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Қозоғистонда Исроил ва Хитойда ишлаб чиқарилган учувчисиз самолётлар мавжуд.
“Турк компаниялари билан қўшма корхона ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда, бироқ менимча, тегишли давлат идораси бу борада аниқроқ изоҳ беради. Бундан ташқари, ҳозирда бизнинг учувчисиз учувчи қурилмаларимизнинг кўргазмали синовлари ўтказилмоқда”, деган вазир ўринбосари.
Шунингдек, Камалетдинов ҳозирги кунда дронлар снаряд, ракета каби асосий қуролга айланганини айтган.
“Шунинг учун уларнинг сони кўпайиши керак. Бюджетга келсак, давлат имконига қараб тўлайди. Шунинг учун биз сўраяпмиз, лекин давлат мавжуд иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб маблағ ажратади”, дея қўшимча қилган вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Олмаота вилоятида бўлиб ўтган мамлакат армиясининг стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларига ташриф буюриб, армия энг мураккаб жанговар топшириқларни ҳам бажаришга шай бўлиб туриши кераклигини айтганди. Мамлакатнинг Қарағанда вилоятидаги Сари-Шаган полигонида эса МДҲ давлатларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича қўшма ҳарбий машғулотлари бошланган.
LiveБарчаси