“Қорин қўйган” ички ишлар ходимлари масаласи кўриб чиқилади

Жамият

image

Ўзбекистон Ички ишлар тизимидаги вазни белгиланган нормадан ортиқча бўлган ходимлар алоҳида рўйхатга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ кадрлар бўлими бошлиғи Фарид Абдиев таъкидлаб ўтган.

Жорий йилнинг 19 декабрь куни АОКАда “Ички ишлар органларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолияти” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Ички ишлар тизимидаги ортиқча вазнга эга бўлган кадрлар масаласида савол берилди.

“Тиббиёт хизмати ходимлари томонидан Ички ишлар тизимидаги ҳар бир ходимнинг вазни ўлчаниб, улар орасидан белгиланган нормадан ортиқча вазнга эга бўлганлари алоҳида рўйхатга олинган”, дея маълум қилган ИИВ кадрлар бўлими бошлиғи Фарид Абдиев.

Шунингдек, уларга ўз вазни устида ишлашлари учун барча керакли шароитлар яратилган, ҳар бири огоҳлантирилган. Тиббий муассасалар томонидан тиббий йўналиш ва овқатланиш бўйича тавсиялар берилган. Бундан ташқари касбий ва жисмоний тайёргарлик бўйича ушбу кадрлар билан алоҳида машқлар ўтказилган.

Эришилган натижалар таҳлил қилинганда эса 2019 йилнинг ноябрь ойи охиригача 30 фоиз даражада кўзланган мақсадга эришилгани маълум бўлган.

“Ўз устида ишламаган ва ортиқча вазнини етарли меъёрга туширмаган ходимлар янги йил чорагида аттестациядан ўтказилади ва уларнинг Ички ишлар тизимида ўз фаолиятини давом эттириш ёки давом эттирмаслик масаласи ҳал этилади”, дея таъкидлаган Абдиев.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ

Баҳолаганлар

203

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг