Қорақалпоғистонда ФВВ аскари 5 кишини пичоқлади. Қурбон бор (видео)

3-саҳифа

image

Кеча, 3 январь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сафларида хизмат ўтаётган оддий аскар беш кишини пичоқлади. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига асосан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Қайд этилишича, вазирликнинг Махсус муҳандислик қурилиш бошқармаси 1-сонли муҳандислик қурилиш батальони 2-отряд 5-гуруҳ оддий аскари Г.М. маст ҳолатда хизмат ўтаётган ушбу батальоннинг 1-отряд 5-гуруҳ оддий аскари Ж.Н.ни уриб, кўчага чиқиб кетган. Соат 03:30 да Нукус шаҳрининг Даналар кўчасида жойлашган 41-уйга кириб, уйдаги ошхона пичоғи ва чопқини олган. Шундан сўнг уйда ухлаб ётган хонадон келинига тегажоғлик қилган. Унинг овозидан уйғонган турмуш ўртоғи З.К.га эса пичоқ билан тан жароҳати етказган. Сўнгра З.К.нинг отаси Д.А., унинг яна бир қариндоши Р.А.га чопқи билан ҳужум қилиб, уларга турли даражада тан жароҳати етказган.

Бундан ташқари, Г.М. жиноий ҳаракатларини давом эттириб, соат чамаси 04:00 да Нукус шаҳри Айбуйир кўчасида жойлашган 18-уйда яшовчи А.С. уйининг эшигини ёпаётган вақтида унга ҳам чопқи билан ташланиб, воқеа жойидан қочиб кетган. А.С. эса ўғли С.А.ни чақириб, нотаниш бир одам тан жароҳат етказганини айтган. С.А. ушбу нотаниш кишини топиш учун машинасида кўчага чиққанида, Г.М. уни ҳам жароҳатлаган.

Жабрланувчиларнинг 1 нафари вафот этган, 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Воқеа жойидан 1 дона тиғ соҳаси узунлиги 20 см, эни 8 см, соп қисми узунлиги 12 см бўлган чопқи қонга ўхшаш доғлар билан ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми ва 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) 2-қисми “а, л” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи шахс (2005 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Г.М.) процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда Нукус ҳарбий прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри ИИБ биносида судланувчининг акасини калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлган ИИБ ходими 9 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ФВВ Нукус Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қорақалпоғистон оддий аскар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг