Қорақалпоғистон суверенитетини сақлаб қолди
Жамият
−
02 Июль 2022
21279Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституциясининг Қорақалпоғистонга тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан бу масалани тез кунларда кўриб чиқишни сўради.
“Қорақалпоғистон Республикасининг ўзига хос этник, маданий хусусиятлари, миллий урф-одат ва қадриятлари, алоҳида ҳуқуқий мақомини эътиборга олиб, лойиҳадаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарур, деб ҳисоблайман. Яъни, Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75 моддалари ўзгаришсиз қолдирилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан ушбу масалани тез кунларда кўриб чиқишни сўрайман”, деди давлат раҳбари.
Мирзиёев ҳозирги вазиятда барча юртдошларини ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этди.
“Такрор айтаман – асрлар давомида ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасида шаклланган азалий дўстлик ва қардошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, оғизбирчилигимизни асраб-авайлайлаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш – барчамизнинг бурчимиздир. Конституциявий ислоҳотларимизнинг бош мақсади ҳам айнан мана шундан иборат”, дея таъкидлади Президент.
Эслатиб ўтамиз,1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
LiveБарчаси