Қорабоғда Россия тинчликпарвар кучлари ташлаб кетган нуқталарни Озарбайжон полицияси эгаллади
Олам
−
10 Октябрь 2023
7438Қорабоғда Россия тинчликпарвар кучлари ташлаб кетган нуқталарни Озарбайжон полицияси эгаллади
Озарбайжон полицияси Қорабоғ минтақасида вақтинча жойлашган Россия тинчликпарвар кучлари томонидан бўшатилган кузатув постларида навбатчилик қилишни бошлади. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Маълумки, 2020 йил 10 ноябрда иккинчи Қорабоғ уруши ортидан Озарбайжон, Арманистон ва Россия ўртасида имзоланган декларацияга кўра, минтақада Россия тинчликпарвар кучлари вақтинча жойлашган эди. Ўша пайтда улар учун 25 га яқин кузатув постлари ташкил қилинганди.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 19 сентябрь куни Озарбайжоннинг аксилтеррор операциясидан сўнг, қуролли арман гуруҳлари минтақадан чиқиб кетгани муносабати билан кузатув постларини қисқартиришга қарор қилган. Натижада Аскеран, Агдера ва Шуша туманларидаги 9 рус кузатув пости олиб ташланди.
Уч томонлама декларацияда Россия қўшинларининг минтақадаги мандати 2025 йил 10 ноябрда тугаши белгиланган, бироқ ҳужжатда минтақадаги янги вазият туфайли бу муддатнинг қисқариши мумкинлиги кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрига ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкка қарши мина портлаб кетиши ортидан олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлганди. Ўша куни Баку “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди.