“Қора шаҳзода” ўзига суиқасд уюштирилишидан хавотирда – “Politico”
Олам
−
15 Август
9140Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон АҚШ Конгрессига ташриф буюрганида конгрессменлар учрашувда Исроил билан муносабатлар нормаллаштирилса, бунинг ортидан ўлдирилиши мумкинлигидан қўрқаётганини билдирди. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
Салмон сўнгги пайтларда Исроил билан нормаллашувга рози бўлиш борасида кўплаб хавотир ва шубҳаларни билдирган. Сўнгги учрашувда ҳам Саудия қироллиги Конгресс аъзоларига АҚШ ва Исроил билан Саудия-Исроил алоқаларини нормаллаштиришни ўз ичига олган катта битимни амалга ошириш орқали ўз ҳаётини хавф остига қўйишини таъкидлади.
Шунингдек, учрашув чоғида у 1981 йилда Исроил билан тинчлик шартномаси тузилгани ортидан ўлдирилган Мисрнинг собиқ президенти Анвар Садатнинг тақдирини эслаган. Салмонга кўра, саудияликлар вазиятдан жуда қаттиқ хавотирда ва Исломнинг муқаддас қадамжолари қўриқчиси сифатида энг долзарб адолат масаласини ҳал қилмагунча ўзининг ҳаёти ҳам хавфсиз кечмайди.
Маълумот учун, 1978 йилда Кэмп Дэвидда (АҚШ) бўлиб ўтган саммитда дастлабки келишув, 1979 йилда эса Вашингтонда ўша пайтдаги Исроил бош вазири Менахем Бегин ва Анвар Садат Исроил ҳамда Миср ўртасида тинчлик шартномасини имзолаган эди. Бу келишувга кўра, Синай яримороли Миср назоратига ўтган ва давлатлар ўртасидаги чегара белгиланган. Садатнинг ички ва ташқи сиёсати унинг Ғарбда машҳур бўлишига олиб келган, лекин Мисрда қўллаб-қувватловни йўқотган. 1981 йил 6 октябрда ҳарбий парадда Садат жойлашган ҳукумат минбари томон граната отилган ва ўт очилган. Суиқасд радикал исломчилардан иборат бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар томонидан амалга оширилган. Миср президенти олган жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.
Жорий йилнинг февраль ойида Саудия Арабистони Фаластин давлатини тан олиб, Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетсагина, яҳудий давлати билан дипломатик муносабатларни нормаллаштиришини айтганди. Ўшанда қироллик АҚШ маъмурияти билан 1967 йилдаги чегаралари ва пойтахти Шарқий Қуддусга эга бўлган мустақил Фаластин давлатини тан олмасдан, шунингдек, Исроил тажовузини тўхтатиб, барча ишғол қилувчи кучларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетмасдан туриб, Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатилмаслиги ҳақидаги қатъий позициясини муҳокама қилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15