Саёҳатдан сиёсатгача. Президент 2024 йилда қанча йўл юрди?
Таҳлил
−
31 Декабрь 2024
47462023 йил сўнгида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг йил бошидан қаерларга боргани ҳақида гаплашганимиз ёдингиздами? Орадан бирпасда 1 йил ҳам ўтди. Бу вақтда кўп нарса ўзгарди. Дунёда, Ўзбекистонда ва ҳар биримизнинг ҳаётимизда кўп нарса ўзгарди. Кимнингдир оиласи учун бу йил қувончли келган бўлса, кимларга акси. Сизнинг йилингиз қандай ўтди, сарҳисоб қилишга улгурдингизми?
Президентнинг 2023 йилда қаерларга боргани ҳақида гапира туриб, 2024 йил сиз учун саёҳат йили бўлсин дегандим. Хўш, қаерларга бордингиз ўтган йилда?
Олдин айтганимдек, саёҳат қилишдек завқли иш бўлмаса керак. Лекин сиз билан бизнинг саёҳатимиз бошқачароқ бўлади. Президентларнинг сафарлари эса умуман бошқача. Кун, соат ҳатто дақиқаларгача ҳисобли, ким билан учрашув бўлади, қайси саммитда қатнашади, қандай ҳужжатлар имзолашади.
Келинг, яхшиси сиз бу йилда қаерларга борганингиз ҳақида ёзгунингизча 2024 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қайси хорижий мамлакатларга бориб, қанча км йўл босганини айтиб бераман.
2024 йил – январь (5881 км)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йилдаги илк давлат ташрифи 23-25 январь кунлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Хитойнинг Пекин шаҳрига бўлган. Президент ўзининг йил ҳисобидан илк ташрифида ёлғиз эмасди. Унга Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева ҳам ҳамроҳлик қилган.
Президент Пекинда ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян, Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси раиси Чжао Лэцзи, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь ва CNPC нефть-газ корпорацияси раиси Дай Хоулян билан учрашувлар ўтказган.
Турли соҳа вакиллари билан учрашувларини тугатган Ўзбекистон раҳбари биринчи хоним билан бирга Пекиндан 1942 км узоқликдаги Шэньчжэнь шаҳрига бориб, кўплаб корхоналар фаолияти билан танишган эди.
Шундай қилиб, Тошкентдан Пекинга учган Президент ва унинг рафиқаси 3939 км йўл босган. Пекин-Шенчжен ўртасидаги масофа эса 1942 километрни ташкил этади.
2024 йил – февраль (2173 км)
Ўзбекистон Президентининг февраль ойидаги хорижий сафари 21 февраль куни Россиянинг Қозон шаҳрига бўлган.
Амалий ташриф билан Қозонга борган Президент Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашган ва “Келажак ўйинлари” биринчи халқаро мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, ортга қайтган. Президент Қозонга бориш учун 2173 км йўл босган.
2024 йил – апрель (306 км)
2024 йил март ойида Ўзбекистоннинг бир нечта вилоятларида бўлган давлат раҳбари бу ойда хорижий сафарга бормаган. Апрель ойидаги илк давлат ташрифи эса 18 апрель куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан Душанбега бўлганди.
Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими Душанбедаги “Қасри Миллат” саройида бўлиб ўтган. Кутиб олишлардан сўнг икки мамлакат Президентлари учрашув ўтказиб, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги мустаҳкам алоқаларни муҳокама қилишган. Президентлар Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаган. Шундай қилиб, Тошкент – Душанбе ўртасидаги масофа 306 километрни ташкил этади.
2024 йил – май (2792 км)
Май ойининг 8-9 кунлари Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Москва шаҳрига борган ва Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этган. Шунингдек, у Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан ҳам учрашган.
Шу куни Москвага нафақат Ўзбекистон раҳбари, балки МДҲ давлат раҳбарлари ҳам борган эди.
Мавқедошлар мамлакатга амалий ташрифлари доирасида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этишган. Шундай қилиб, Тошкент-Москва йўналишида учган Ўзбекистон раҳбари 2792 км йўл босган.
2024 йил – июнь (3051 км)
Шавкат Мирзиёевнинг кейинги амалий ташрифи қардош Туркиянинг Анқара шаҳрига бўлган эди. Президент 6 июнь куни Туркия Республикаси раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан мамлакатга борди. Туркия ва Ўзбекистон раҳбарларининг нафақат ўзлари, балки уларнинг рафиқалари ҳам ўзаро кўп борди-келди қилишади. Шавкат Мирзиёевга бу сафарда рафиқаси ҳам ҳамроҳлик қилган.
Расмий кутиб олишлардан сўнг Президентлар раислигида Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтган. Бу орада биринчи хонимлар ҳам учрашиб, турли тадбирларда иштирок этишган. Шундай қилиб, Тошкент-Анқара йўналиши бўйлаб парвоз қилган Президент ва унинг рафиқаси 3051 км йўл босишган.
2024 йил – июль (2740 км)
Июль ойидаги илк ташриф Қозоғистоннинг Остонасига бўлган эди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси ва “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этиш учун 3-4 июль кунлари амалий ташриф билан Остона шаҳрига борган Ўзбекистон раҳбари саммитдан ташқари ҳам турли учрашувлар ўтказган эди.
У Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказган. Тошкент-Остона йўналишидаги масофа эса 1109 км ни ташкил этади.
Йил бошидан буён ҳар ойда битта хорижий сафарни амалга оширган Мирзиёев июль ойида 2 та мамлакатда бўлган. 4 июль куни Остонадан қайтган давлат раҳбари бир кун ўтиб, 5 июль куни Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Озарбайжонга жўнаб кетган.
Амалий ташриф билан Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрига борган давлат раҳбари биринчи ўринда Шушага бориб, Илҳом Алиев ҳамроҳлигида у ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишган. Шундай қилиб, Тошкентдан Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрига борган давлат раҳбари 1631 км йўл босган.
2024 йил – август (1109+1109 км)
Президент август ва сентябрь ойларида бир мартадан Қосим-Жомарт Тўқаев таклифига биноан Қозоғистоннинг Остона шаҳрига борган. Ўзбекистон раҳбари 7-9 август кунлари амалга оширган сафарида бешинчи Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиб, “Олтин Қирон” ордени билан тақдирланган.
17 сентябрь куни эса айнан Остонада бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Германия” саммитида иштирок этган. Хуллас, кетма-кет Тошкентдан Остонага учган давлат раҳбари 1109 км дан йўл юрган.
2024 йил – октябрь (5969 км)
2024 йилнинг октябри бошқа ойларга қараганда ташрифларга бой бўлган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун 7-8 октябрь кунлари амалий ташриф билан Москва шаҳрига борган. Тошкент-Москва йўналишида парвоз қилган Ўзбекистон раҳбари 2792 км йўл босган.
Бу ойдаги кейинги сафар 10-12 октябрь кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрига бўлган эди. Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан амалий ташриф билан туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги – тинчлик ва тараққиёт асоси” мавзусидаги халқаро форумда иштирок этиш учун ушбу мамлакатга борган.
Ўзбекистон раҳбари ушбу ташриф давомида Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ҳам ўтказган. Бу тадбир учун Тошкентдан Ашхободга учган Шавкат Мирзиёев жами 1004 км йўл юрган.
Октябрь ойининг энг сўнгги ташрифини амалга ошириш учун нақ 2172 км парвоз қилган Шавкат Мирзиёев BRICS мамлакатлари саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қозон шаҳрига борганди. Кенг миқёсдаги тадбирда Ўзбекистон раҳбари турли учрашувлар ўтказган ва Татаристон Республикасининг давлат мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
2024 йил – ноябрь (5043 км)
Ноябрь ойининг илк амалий ташрифи Тошкент шаҳридан 471 километр узоқликда жойлашган Бишкекка бўлган.
Ўзбекистон раҳбари 5 ноябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этиш учун мамлакатга борган. Шавкат Мирзиёев саммит доирасида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан ҳам учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ҳам муҳокама қилган.
Кейинги сафар 11 ноябрь куни Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан амалий ташриф билан Ар-Риёд шаҳрига бўлган эди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган навбатдан ташқари араб-ислом саммитида қатнашган. Бундан ташқари, давлат раҳбари Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд ва Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан учрашув ҳам ўтказган.
Ар-Риёдга амалий ташриф доирасидаги тадбирлар якунланганидан сўнг, Шавкат Мирзиёев Бокуга жўнаб кетган. Тошкент-Ар-Риёд 2789 км. Ар-Риёд-Боку 1774 км.
Шавкат Мирзиёев нима учун Саудия Арабистонидан Озарбайжонга борган деяётган бўлсангиз, ўзим айтиб ўтаман. 12 ноябрь куни Бакуда COP29 саммити бўлиб ўтган. Ўзбекистон раҳбари айнан шу саммитда иштирок этиб, нутқ сўзлаган.
Шунингдек, Президент Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконьо-Ивевала, Глобал экологик фонд бош директори Карлос Родригес, Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис билан учрашувлар ўтказган.
2024 йил – декабрь (3363 км)
Эсингизда бўлса, Давлат раҳбарининг 2023 йилдаги энг сўнгги сафари 25 декабрь куни Санкт-Петербургга бўлган эди. 2024 йилда ҳам шундай бўлди.
25-26 декабрь кунлари Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Мамлакатга амалий ташриф билан борган Ўзбекистон раҳбари ушбу учрашувда қатнашди.
Хуллас, президентнинг бу йили ҳам сафарларга бой бўлди. Ўзбекистон раҳбари 2024 йилда жами 33 536 км йўл юриб, хорижий сафарларни амалга оширди. Албатта, бу фақатгина мамлакатларга бориш км лари холос. Қайтиш билан ҳисоблаганда км лар 70 мингдан ошиб кетади.
Президент мамлакатларга сафарлари давомида ўша давлат раҳбарлари билан учрашиб, турли саммит ва йиғинларда иштирок этди, тақдирланди ва мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ва бошқа масалаларда кўплаб ҳужжатлар имзолади.