Саудия Арабистонида олти нафар эронлик қатл қилинди
Олам
−
03 Январь
7672Саудия Арабистонига гиёҳванд моддаларни олиб киришга уринишда айбланган олти нафар Эрон фуқароси қатл этилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
“Эрон фуқаролари Қосим Муҳаммад Шабони, Абдуррез Юнус Тенкасири, Халил Шаҳид Самри, Муҳаммад Жавод Абдулжалил, Меҳди Кенан Ғаними ва Ҳур Муҳаммад Шабони ноқонуний равишда подшоҳликка наркотиклар олиб киришга уринган”, дейилади мамлакат Ички ишлар вазирлигининг расмий хабарида.
Таъкидланишича, айбланувчилар қўлга олинган, судланган ва ўлим жазосига ҳукм этилган. Саудия Арабистони ҳукуматининг кўрсатмасига биноан ҳукм ижро этилган.
Ўз навбатида, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчиси Сауд Аль-Аназига норозилик билдирган. IRNA агентлигига кўра, эронлик маҳбуслар қатл этилганидан кейин Саудия элчиси Эрон ТИВга чақирилиб, унга норозилик нотаси топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонида 2024 йилда жами қатл этилганлар сони 198 тага етгани маълум қилинганди. 2023 йили Саудия Арабистонида 170 киши қатл этилган, 2022 йилда эса 196 нафар ўлим жазоси ижро этилган. Расмий статистик маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида терроризмда айбланиб, 32 киши, наркотик моддалар билан боғлиқ айбловлар билан яна 52 киши қатл этилган.
LiveБарчаси