Саудия Арабистонида жорий йилда 200 га яқин одам қатл қилинди – AFP
Олам
−
30 Сентябрь
5479Саудия Арабистонида бу йил охирги ўттиз йилликдаги энг кўп одам қатл этилди. 28 сентябрь куни амалга оширилган яна учта қатл билан қиролликда 2024 йилда жами қатл этилганлар сони 198 тага етди. Бу ҳақда AFP хабар берди.
Ўтган йили Саудия Арабистонида 170 киши қатл этилган, 2022 йилда эса 196 нафар ўлим жазоси ижро этилган.
Мамлакат узоқ вақтдан бери ўлим жазоларининг кўплиги учун танқид остида эди. Reprieve инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили, қайғули рекорд ҳақидаги маълумотга муносабат билдирар экан, Саудия раҳбарияти томонидан эълон қилинган модернизация йўналиши бўш гап эканини, чунки ваъдалар бажарилмаётганини айтган.
Расмий статистик маълумотларга кўра, жорий йилда Саудия Арабистонида терроризмда айбланиб, 32 киши, наркотик моддалар билан боғлиқ айбловлар билан яна 52 киши қатл этилган.
Саудия Арабистони расмийларига кўра, ўлим жазоси “жамоат тартибини сақлаш” учун хизмат қилади ва маҳкум барча қонуний имкониятларни тугатгандан кейингина амалга оширилади.
Айни пайтда Саудия Арабистонида қатл этилганларнинг кўплиги мамлакатнинг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг сўзларига зид келади. 2022 йилда “The Atlantic” журналига берган интервьюсида шаҳзода ўз мамлакатида ўлим жазоси энди фақат қотиллик ёки кўплаб одамларнинг ҳаётига таҳдид учун қўлланилишини таъкидлади.
Жасмина Расулова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь