“Қора шаҳзода” БМТни Яқин Шарқдаги можарони тўхтата олмаганликда айблади
Олам
−
11 Ноябрь 2023
9869Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд БМТ Хавфсизлик кенгашини Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш учун Исроилга таъсир ўтказа олмаганликда айблади. У, шунингдек, Ғазо секторидаги жангларни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилишга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 11 ноябрь куни Ар-Риёдда Араб Давлатлари Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари қўшма саммити очилишида сўз очди.
“Биз гуманитар фалокатга дуч келдик, бу БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва халқаро ҳамжамият Исроил жиноятларига чек қўя олмаганидан далолат беради, бу икки томонлама стандартлар сиёсатининг намоёнидир. Биз яна Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларини зудлик билан тўхтатишни талаб қиламиз ва асирга олинганларни озод қилишга чақирамиз”, деган валиаҳд шаҳзода.
Шунингдек, Муҳаммад бин Салмон Саудия Арабистони халқаро ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар ўтказаётганини, унинг мақсади анклавдаги жангларни тугатиш эканини таъкидлаган.
"Қироллик Ғазодаги воқеалар бошланганидан бери тинимсиз саъй-ҳаракатларни амалга оширди ва урушни тўхтатиш учун халқаро ҳамжамият билан маслаҳатлашувлар ва мувофиқлаштиришни давом эттирмоқда", дейди у.
Бундан ташқари, Муҳаммад бин Салмон Яқин Шарқдаги можарони тўхтатишнинг ягона йўли фаластинликларнинг пойтахти Шарқий Қуддус бўлган ўз мустақил давлатига эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш эканлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Саудия Арабистони пойтахтида Фаластин илтимосига биноан чақирилган Араб Лигаси ва ИҲТнинг навбатдан ташқари қўшма саммити очилган. Саммит Яқин Шарқдаги можаронинг ҳозирги авж олиши бўйича араб ва Ислом давлатларининг жамоавий позициясини ишлаб чиқиш мақсадида иш бошлади.
LiveБарчаси