Қора денгиздаги низо: Россия Британия ҳарбий кемасига огоҳлантирувчи ўқ узганига далил келтирди (видео)

Олам 21901
image

Россия Федарал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Қора денгизда Британиянинг “Defender” ҳарбий кемаси билан содир бўлган воқеа видеосини тарқатди: инглиз кемаси Россия давлат чегарасини кесиб ўтган, унинг йўналиши бўйича огоҳлантирувчи ўқ узилган.

“Огоҳлантирувчи ўқни узинг. Мўлжалга тегмасин”, дейди чегара хизмати ходими видеода. Шундан сўнг, рус кемасининг тумшуғида жойлашган тўпдан огоҳлантирувчи ўқ отилгани видеода акс этган.

Бунгача Россия денгиз қўшинлари Британия ҳарбий кемаси давлат чегарасини бузганини қайд этган. ФХХ тақдим қилган видеода россиялик чегарачилар олти дақиқадан кўпроқ вақт давомида британияликларни давлат чегарасини бузилганлиги тўғрисида огоҳлантиргани ва кеманинг сузиш йўналишини ўзгартиришни талаб қилгани акс этган.

“Британия ҳарбий кемаси, Россия Федерацияси чегарасидан ўтманг. Акс ҳолда ўт очаман. Йўналишни ўзгартиринг. “Defender”га (Британия ҳарбий кемасининг номи, маъноси “Ҳимоячи” — таҳр.) шикаст етса, РФ бунга жавобгар бўлмайди”, дейди ФХХ ходими инглиз тилида.

Шунингдек, видеода инглиз ҳарбий кемасидан келган жавоб ҳам узуқ-юлуқ эшитилган. Унда британиялик денгизчилар уларнинг вазифаси “тинчлик”, эканини даъво қилган.

Аввалроқ Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбийлари Қора денгизда Қрим яримороли яқинида бўлган инглиз ҳарбий кемасига огоҳлантирувчи ўқ узмаганини айтган эди. 

Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг кеча, 24 июнь куни журналистларга маълум қилишича, инглизларнинг “Defender” ҳарбий кемаси қонуний равишда Қрим яримороли яқинидаги халқаро сувларда бўлган.

“Ўйлайманки, кема халқаро сувлардан тўлиқ ва оқилона фойдаланиши мумкин бўлган. Муҳим нуқта шундаки, биз Қримнинг Россия томонидан аннекция қилинишини тан олмаймиз”, дея тушунтириш бергани Британия Бош вазири.

Қора денгизда инглиз ҳарбий кемаси билан содир бўлган воқеа

Жорий йилнинг 23 июнь куни Россия Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳарбийлари ва чегарачилари Қора денгизнинг Фиолент райони (Қрим) яқинида Россия чегарасини бузган Британиянинг “Defender” ҳарбий кемаси йўналишига огоҳлантирувчи ўт очганини хабар қилди.

“Россия Федерацияси давлат чегараси бузилган тақдирда қурол ишлатилиши тўғрисида ҳарбий кема аввал огоҳлантирилди. Бироқ огоҳлантиришга жавоб бўлмади”, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.

Қайд этилишича, шундан сўнг, Россиянинг чегара қўриқлаш кемаси Британия ҳарбий кемаси йўналиши бўйича огоҳлантирувчи ўт очган, Су-24М самолёти эса огоҳлантирувчи бомбардимонни амалга оширган. Натижада, инглиз кемаси Россия Федерациясининг ҳудудий сувларини тарк этган.

ФСБ выложила видео с предупредительной стрельбой по эсминцу Defender

Россия Мудофаа вазирлиги инглиз ҳарбий кемасининг ҳаракатларини БМТ конвенциясини қўпол равишда бузиш, деб баҳолаган ва Британия томонини экипаж ҳаракатларини синчковлик билан текширишга чақирган.

Буюк Британиянинг Москвадаги элчихонасининиг мудофаа бўйича атташеси 23 июнь куни Россия Мудофаа вазирлигининг Халқаро ҳарбий ҳамкорлик бош бошқармасига чақирилган.

“Буюк Британия Қуролли Кучлари вакилига шу йилнинг 23 июнь куни инглиз ҳарбий кемаси томонидан Қора денгизда Россия Федерациясининг давлат чегарасини бузганлиги муносабати билан Россия ҳарбий департаментининг позицияси тўғрисида хабар берилди”, дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Бундан ташқари, 24 июнь куни Буюк Британиянинг Россиядаги элчиси Дебора Броннерт Қора денгиздаги воқеа муносабати билан Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 558
Рейтинг: 4
t
×