Қодировни “катта оға”си яна мукофотлади
Олам
−
27 Июль 2022
15851Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни Александр Невский ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда Қодиров ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Қодировнинг сўзларига кўра, орден Чеченистоннинг “ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшган ҳиссаси” ва “давлат аҳамиятига эга бўлган улкан вазифаларни самарали ҳал қилгани учун” берилган.
Россия Бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин Чеченистон раҳбарини мукофотга тавсия қилган. Владимир Путин томонидан қабул қилинган фармон ҳали эълон қилинганича йўқ.
“Шахсан мен мукофотни аванс сифатида қабул қиламан ва бундан кейин ҳам Чеченистон Республикаси ва буюк Ватанимиз – Россия манфаати йўлида фидокорона хизмат қилишга ваъда бераман”, дея қўшимча қилди Қодиров.
Аввалроқ, Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Александр Невский ордени билан мукофотлагани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Рамзан Қодиров ижтимоий аҳамиятга эга тадбирларни тайёрлаш ва ўтказишга қўшган ҳиссаси учун Россия Федерацияси Президентининг фахрий ёрлиғи билан ҳам тақдирланган.
Маълумот учун, Александр Невский ордени Россия империяси, Совет Иттифоқи ва Россия Федерациясининг мукофотлаш тизимларида (маълум ўзгаришлар билан) мавжуд бўлган ягона мукофотдир. Россия империясида 1725-1917 йилларда Авлиё Александр Невский ордени, СССРда 1942-1991 йилларда Александр Невский ордени мавжуд эди. 1991 йилда Иттифоқ қулагач, Россия Президенти СССРдаги мукофотлаш тизимини сақлаб қолган.
Александр Невский ордени билан давлат хизматида лавозимларни эгаллаган Россия Федерацияси фуқаролари давлат қурилишида Ватан олдидаги алоҳида шахсий хизматлари, кўп йиллик виждонан хизмати ва хизмат вазифаларини бажаришда эришган юқори натижалари, Россиянинг халқаро нуфузини, мамлакатнинг мудофаа қобилиятини ва иқтисодий ривожланишини мустаҳкамлашда, фан, таълим, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш ва бошқа хизматлари, шунингдек, Россия Федерацияси фуқаролари иқтисодиёт, илмий-тадқиқот, ижтимоий-маданий, маърифий ва бошқа ижтимоий фойдали фаолият турлида юқори шахсий ютуқлари учун мукофотланади.
Александр Невский ордени билан ҳарбий-тиббиёт ташкилотлари ҳарбий хизматчиларни соғлигини сақлаш соҳасида эришган юксак ютуқлари учун тақдирланиши мумкин.
Бундан ташқари, Александр Невский ордени билан таниқли хорижий сиёсий ва жамоат арбоблари, хорижий мамлакатлар ишбилармон доиралари вакиллари Россия Федерацияси билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўрсатган хизматлари учун мукофотланиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь